ИМВ давлат хизматчиларига ҳақ тўлаш тизимида кутилаётган ўзгаришларга изоҳ берди
Ўзбекистонда барча вазирлик ва идоралар учун “ягона, шаффоф ва адолатли” меҳнатга ҳақ тўлаш тизими жорий этилади, дея Kun.uz'га маълум қилди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги. Бунда иш ҳақи фақат бюджет ҳисобидан тўланиб, бюджетдан ташқари маблағларни иш ҳақига йўналтириш тақиқланади. Тариф коэффициентлари, мартаба даражаси, қўшимча устама (KPI) ва йиллик бонуслар халқаро стандартларга мослаштирилади.

Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматчиларининг лавозим маошларини ягона принцип асосида шакллантиришга ўтилади. Kun.uz аввалроқ хабар берганидек, бу – Вазирлар Маҳкамасининг 8 апрел кунги қарорида белгиланган.
Қарорга биноан, давлат фуқаролик хизматчиларига давлат бюджети, бюджетдан ташқари маблағлар ва давлат мақсадли жамғармалари ҳисобидан қўшимча тўловлар тўлаш механизмлари бекор қилиниши кутилмоқда.
Хўш, бу нимани англатади, қандай ўзгаришлар кутилмоқда, бу ўзгаришлардан мақсад нима? Kun.uz шу каби саволлар билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилди.
Вазирликка кўра, бугунги кунда амалдаги давлат ҳокимияти, республика ижро этувчи органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимида қуйидаги камчиликлар мавжуд:
- ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ҳар хил;
- бюджетдан ташқари жамғармалардан турли хил миқдорларда қўшимча устамалар ва тўловлар мавжуд;
- соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар эскирган;
- лавозим маошининг ойлик иш ҳақи фондидаги улуши кам;
- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларига маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан турли хил миқдорларда қўшимча устамалар тўлаб келинмоқда.
ИМВга кўра, давлат фуқаролик хизмати ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини “тубдан такомиллаштириш” натижасида қуйидаги натижалар кутилмоқда:
- барча вазирлик ва идоралар учун ягона, шаффоф ва адолатли меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш;
- бажарадиган функция ва вазифаларнинг тури ва мураккаблигига қараб, лавозим тоифаларини белгилаш;
- барча вазирлик ва идоралар учун иш ҳақи тизимини ва уларни молиялаштириш манбаларини бирхиллаштириш (фақат бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади);
- бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан иш ҳақи харажатларини амалга оширишни тақиқлаш;
- халқаро тан олинган стандартларга мос равишда давлат хизматчиларига янгидан тариф коэффициентлари, мартаба даражаси, қўшимча устама (KPI) ва йиллик бонуслар жорий этиш.
Қарор асосида, сентябр ойигача тегишли ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Бунда, вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғарма ҳисобварақларини қисқартириш тартиби белгиланиши ҳам кўзда тутилган.
Мавзуга оид

12:27 / 12.04.2025
Йўл ҳаракати соҳасидаги айрим давлат хизматлари рақамлаштирилади

19:09 / 10.04.2025
Давлат хизматчиларига қўшимча тўловлар тўлаш механизмлари бекор қилиниши мумкин

19:04 / 25.03.2025
“Ташаббусли бюджет”дан ҳам умидини узаётган маҳалла: Шаҳрихондаги мактаб қачон таъмирланади?

22:15 / 12.03.2025