Жаҳон | 19:39 / 09.04.2025
5285
3 дақиқада ўқилади

Хитой АҚШ товарларига 84 фоизлик жавоб божини жорий қилди

Хитой Америка товарларига импорт божини 34 фоиздан 84 фоизгача оширади. Бу АҚШ томонидан жорий қилинган шунга ўхшаш чекловларга жавобан амалга оширилади, дея хабар берди Reuters Хитой Молия вазирлигига таяниб.

Фото: The Mercury

Мазкур чора 10 апрел, пайшанба кунидан кучга киради.

Шунингдек, хитойлик расмийлар яна 12 та америкалик ташкилот фаолияти устидан назоратни кучайтирди ва АҚШнинг яна олти компаниясини «ишончсиз ташкилотлар» рўйхатига киритди.

8 апрел куни Оқ уй Хитойдан олиб кириладиган товарларга қўшимча божни 34 фоиздан 84 фоизгача кўтарган эди. Бу қарорга асос сифатида Пекиннинг 34 фоизлик мутаносиб божи келтирилди. У АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой товарларига нисбатан шундай чеклов жорий этганидан сўнг эълон қилинганди.

АҚШнинг Хитойдан импорт қилинадиган товарларга нисбатан умумий бож ставкаси 104 фоизга етди. Вашингтон эълон қилган 84 фоизлик бож Трампнинг иккинчи президентлик муддати бошида жорий этилган ҳар бири 10 фоизлик иккита божга қўшимча ҳисобланади.

Хитой Трамп божларига жавобан босқичма-босқич Америка товарларга қўшимча божлар жорий қилган. Улар қаторида кўмир, суюлтирилган табиий газ ва қишлоқ хўжалиги техникалари ҳам бор. Шунингдек, Пекин АҚШнинг ўнлаб компанияларига чекловлар қўйган ва Жаҳон савдо ташкилотига арз билан мурожаат қилган.

Бундан аввал Хитой Савдо вазирлиги «Трамп божларига охиригача қарши курашиш» ниятида эканини билдирган эди. «АҚШнинг Хитойга нисбатан божларни ошириш билан қўрқитиши — хатога хатони қўшиш демакдир», — дейилган вазирлик баёнотида.

Трампнинг сўзларига кўра, Хитой «келишув тузишни жуда хоҳламоқда, аммо уни қандай бошлашни билмаяпти». «Биз уларнинг қўнғироғини кутяпмиз», — деб ёзган АҚШ президенти 8 апрел куни ўзига тегишли Truth Social ижтимоий тармоғида.

2 апрел куни Трамп савдо ҳамкорлари товарларига нисбатан «ўзаро божлар» жорий қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Унинг маъмурияти фикрига кўра, бу давлатлар америкалик товарлар учун нотариф тўсиқлар яратган.

Хитойга нисбатан тариф ўша пайтда 34 фоизни, Европа Иттифоқига нисбатан — 20 фоизни ташкил қилган, барча импорт учун эса универсал асосий бож 10 фоиз этиб белгиланган эди. Хитой дарҳол 34 фоизлик божга жавобан 34 фоиз бож жорий қилди. Шундан сўнг Трамп дарҳол бу божни бекор қилишни, акс ҳолда яна 50 фоизлик бож жорий этиши билан таҳдид қилди. Хитой томони бу таҳдидларга учмади ва 84 фоизлик бож жорий этилгач, худди шундай миқдордаги бож билан жавоб қайтармоқда.

Мавзуга оид