Фан-техника | 01:40
1348
2 дақиқада ўқилади

Океанда пластикни «ейишга» қодир замбуруғлар топилди

Ҳавайи университети тадқиқотчилари пластикни парчалашга ёрдам берадиган денгиз замбуруғларини аниқлади.

Фото: Depositphotos

Ҳавайи университети тадқиқотчилари ёғочни парчаловчи денгиз замбуруғларини пластмассани «ейишга» ўргатди. Тадқиқот натижалари Mysologia журналида чоп этилди.

Олимларнинг сўзларига кўра, пластик чиқиндилар муаммоси глобал экологик таҳдидлар орасида энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Айниқса, бу муаммо океанлар учун ўта хавфли: ҳар йили сув ҳавзаларига 625 мингта чиқинди ташувчи юк машинасига тенг миқдорда пластик ташланади. Пластик тўлиқ парчаланмайди, балки микропластик шаклига ўтади, бу эса токсинларни йиғиб, денгиз жониворларига зарар етказади.

Тадқиқотчилар ёғоч ва хитинни парчалаш қобилиятига эга 68 та денгиз микроорганизми штаммини ўрганган. Ҳавайи университети жамоаси уларнинг полиуретан — саноат ва тиббиётда кенг қўлланиладиган пластик (масалан, поролон ва елим таркибида мавжуд) билан қандай курашишини текширган. Улар полиуретанни идишларга суртиб, қайси замбуруғлар уни тезроқ парчалашини кузатган. 

Энг фаол 42 та тур тажрибага жалб қилинган — замбуруғларга кўпроқ пластик берилиб, улар қандай мослашиши ва парчалаш жараёнини қанчалик тезлаштириши текширилган. Тадқиқот муаллифи Роня Штайнбохнинг сўзларига кўра, натижалар олимларни ҳайратда қолдирган: ўрганилган замбуруғларнинг 60 фоизи пластикни муваффақиятли парчалай олган. Баъзи турлар эса ҳатто уч ой ичида бу «кўникма»ни 15 фоизга яхшилай олган.

Мавзуга оид