Хитой суди юзлаб тирик тимсоҳларни онлайн аукционга қўйди
Потенциал харидорлар сунъий сув ҳавзасига эга бўлиши ва жонзотлар яшаши учун керакли шароитни яратиб бера олиши лозим.

Фото: Baidu
Хитой суди умумий оғирлиги 100 тоннани ташкил этадиган юзлаб тирик тимсоҳларни кимошди савдолари орқали сотувга чиқарди. Лотнинг бошланғич нархи — 4 миллион юан (550 минг доллар), деб хабар беради South China Morning Post.
Шэнжэн халқ суди юзлаб тимсоҳларни онлайн аукцион доирасида сотувга чиқариб, жамоатчилик эътиборига тушди. Савдолар ташкилотчиси — Alibaba компанияси.
Маълумотларга кўра, ушбу рептилиялар аввалига 2005 йилда Мо Цзюнронг томонидан асос солинган Guangdong Hongyi Crocodile Industry Company компаниясига тегишли бўлган. Аммо компания ўзининг молиявий мажбуриятларини бажармаганидан кейин жонзотлар мусодара қилинган.
Аукцион сайтида келтирилишича, потенциал харидорлар сунъий сув ҳавзасига эга бўлиши ва жонзотлар яшаши учун керакли шароитни яратиб бера олиши лозим. Бундан ташқари, қимматбаҳо харидни амалга оширган томон логистика бўйича барча харажатларни, жумладан, тимсоҳларни тортиш, транспорт воситасига ортиш, шунингдек, ташиш учун учун кетадиган маблағларни қоплаши керак.
Агар харидор юқоридаги талабларнинг бирортасини бажармаса, суд 300 минг юан (41 минг доллар) миқдорида жарима белгилайди.
Хитойда тимсоҳлар юқори даромад келтирадиган жонзотлар ҳисобланади, чунки улардан 100 дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Мамлакатда тимсоҳлар териси, гўшти учун кўпайтирилади, шунингдек, уларга косметика ва ҳатто вино ишлаб чиқаришда ҳам талаб юқори. Сотувга қўйилган судралиб юрувчилар — сиам тимсоҳлари бўлиб, улар Хитойда тижорий мақсадларда фойдаланишга рухсат берилган ёввойи ҳайвонлар рўйхатига киритилган. Сиам тимсоҳларининг одатдаги оғирлиги 200 дан 500 килограммгача бўлади, шунинг учун 100 тонна оғирликдаги тимсоҳлар сони тахминан 200 дан 500 донагача бўлиши мумкин.
Ҳозирга қадар онлайн аукциондаги эълонни 4 мингдан ортиқ киши кўрган, аммо уларнинг ҳеч бири иштирок учун рўйхатдан ўтмаган. Таъкидланишича, бу суднинг тимсоҳларни аукцион орқали сотишга бўлган биринчи уриниши эмас. 2025 йилнинг январ ва феврал ойларида суд мос равишда 5 миллион ва 4 миллион юанлик бошланғич нарх билан икки марта аукцион ташкил этган, бироқ ҳар иккиси ҳам муваффақиятсизлик билан якунланган.
Мавзуга оид

00:38
Хитойда собиқ «иқтисодиёт қироли»нинг ўғлига қарши тергов бошланди

21:46 / 06.04.2025
Хитойлик тадқиқотчилар Осиёда янги зилзилалар кузатилишидан огоҳлантирди

13:36 / 24.03.2025
Намибиялик аёл ўзига ҳужум қилган тимсоҳнинг жағларини очиб, қочиб кетди

15:03 / 10.12.2024