Спорт | 01:32 / 07.04.2025
17540
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси муддатидан олдин Жаҳон чемпионатига йўлланма олди

Ўзбекистон U-17 ёшлар терма жамоаси Осиё кубогида чоракфиналга чиқди ва муддатидан олдин ЖЧга йўлланмани нақд қилди.

Фото: ЎФА

Саудия Арабистонида ўтаётган ўсмирлар ўртасидаги Осиё Кубогида 2-тур баҳслари якунига етди.

1-турда Таиландни йирик ҳисобда енгган Ўзбекистон бу сафар Хитойга қарши майдонга тушиб, камбэк амалга оширди — 2:1. Гуруҳдаги иккинчи ўйинда эса мезбон Саудия Арабистони Таиландни 3:1 ҳисобида мағлуб этди.

Бу натижадан сўнг Ўзбекистон ўсмирлар миллий жамоаси саудияликлар билан биргаликда Осиёда биринчилардан бўлиб ЖЧ йўлланмасига эга чиқди. Шунингдек, Ислом Исмоилов шогирдлари Осиё кубогининг чоракфиналига чиқиш масаласини ҳам ижобий ҳал қилди.

Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси навбатдаги учрашувини 9 апрел куни соат 22:15 да Саудия Арабистонига қарши ўтказади.

17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубоги ҳар икки йилда бир марта ўтказилади ва 3–27 ноябр кунлари Қатарда бўлиб ўтадиган U–17 Жаҳон чемпионатига саралаш турнири ҳисобланади.

Гуруҳларда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар мусобақанинг чоракфиналига йўл олади ва мундиал йўлланмасини қўлга киритади.

Ислом Исмоилов Хитойга қарши ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

«Энди Саудия Арабистони ва Таиланд ўртасидаги ўйин натижасини кутяпмиз. Катта эҳтимол билан кейинги босқичга чиқдик деб ўйлаймиз. Хитой биз албатта енгишимиз керак бўлган жамоалардан бири эди. Футболчиларга ортиқча босим тушмаслиги учун сўнгги уч кун давомида улар билан доимий суҳбатлар олиб бордик. Барибир бу Жаҳон чемпионатига йўлланма берадиган турнир бўлгани учун ҳиссиётлар кучли бўлади. Мухлислар ва раҳбарият ишончини оқлаганимиздан хурсандмиз.

Биринчи бўлимда рақибнинг қарши ҳужуми натижасида гол ўтказиб юбордик. Танаффусда йигитларга ўйинимиз яхши кетаётганини айтдик ва уларнинг руҳиятини кўтаришга ҳаракат қилдик.

Биз Хитой жамоасининг 60-дақиқалардан сўнг ўтиш фазаларида муаммоларга дуч келишини олдиндан ўрганган эдик. Кутилганидек, улар чарчай бошлади ва биз айнан шу паллада ўз имкониятимиздан фойдаландик. Кейинги ўйинда ҳам ғалаба учун майдонга тушамиз, куч тежаш ниятимиз йўқ», — дея Исмоиловнинг сўзларини келтиради UFA матбуот хизмати. 

Мавзуга оид