«Реал» ҳам, «Барса» ҳам чемпионлик пойгасида қоқилди. Кун ўйинлари
Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Diego Souto/Getty Images
Англия: «Эвертон» — топ-рақиблар кушандаси
«Эвертон» – «Арсенал» 1:1
Голлар: Ндиай 49 пен – Троссар 34
«Эвертон» – Пикфорд, Паттерсон (Янг, 75), Ироэгбунам (Гарнер, 65), Брэнтуэйт, Тарковски, О'Брайен, Гуйе, Ндиай (Алкарас, 75), Дукуре, Ҳаррисон, Бету.
«Арсенал» – Райя, Салиба, Уайт (Тимбер, 62), Кивёр, Люис-Скелли (Тирни, 75), Райс, Троссар, Мерино, Жоржинио (Эдегор, 71), Нванери (Сака, 46), Стерлинг (Мартинелли, 46).
Огоҳлантиришлар: О'Брайен (18), Тарковски (63) Алкарас (87) – Жоржинио (48).
Троссарнинг биринчи бўлимдаги голи етарли бўлмади ва «Арсенал» яна очко йўқотди. Ушбу белгиялик яна бир яккама-якка вазиятдан фойдаланганида ўйин масаласи ҳал бўлган бўларди, аммо иккинчи бўлим бошида бош ҳакам Даррен Ингланд меҳмонлар дарвозасига шубҳали пеналти белгилади ва Ндиай ҳисобни тенглаштирди. Ҳолбуки бу вазиятда жарима майдонига кириш вақтидаги тўп учун курашда Ҳаррисон актёрлик маҳоратини ишга солганди. VAR эса вазиятга аралашмади.
Иккинчи бўлим давомида «Эвертон»ни барибир таслим қилиш мумкин эди, аммо Эдегор, Габриэл Мартинелли ва Райс ўз имкониятларидан фойдалана олишмади.
Лекин бу амалда лондонликлар учун ҳеч нарсани англатмайди. «Ливерпул» фақат чемпионатдан ўз ихтиёри билан чиқиб кетсагина ушбу жамоага етиб олиш мумкин. Ўйин арафасида орадаги фарқ 12 очкони ташкил этаётганди ва Артета биринчи навбатда ҳафта ўртасида ЕЧЛда «Реал»га қарши кечадиган ўйинни ўйлади ва етакчиларни захирада қолдирди. «Эвертон» эса ўз майдонида қаторасига еттинчи бор «катта олтилик» жамоаларига ютқазмаяпти (+1=6). Икки турдан кейин эса «Гудисон Парк»да ЕЧЛ йўлланмаси учун курашаётган «Манчестер Сити» меҳмон бўлади.
«Астон Вилла» – «Ноттингҳем Форест» 2:1
Голлар: Роджерс 13, Мален 15 – Силва 58
«Астон Вилла» — Мартинес, Гарсия (Конса, 46), Дисаси, Мингз, Матсен, Онана (Камара, 62), Тилеманс, Мален (Рэмзи, 62), Асенсио (Макгинн, 73), Роджерс, Воткинс (Рашфорд, 62).
«Ноттингҳем Форест» — Зелс, Уилямс, Мурилло, Миленкович, Морато (Боли, 75), Йейтс, Андерсон, Домингес (Соса, 74), Гиббс-Уайт, Эланга (Силва, 46), Ҳадсон-Одои.
Вақтинча «Нюкасл»ни қувиб ўтган ва очколар бўйича «Манчестер Сити»га тенглашиб олган «Астон Вилла»га Роджерс ва Маленнинг биринчи бўлимдаги голлари етарли бўлди. Айни вақтда АПЛда фақат бирмингемликлар сафида йил бошидан буён барча турнирлар доирасида голли ҳаракатларини ўнтадан оширган икки футболчи бор: Уоткинс ва Роджерсда 12 тадан, Асенсиода тўққизта. Уларнинг гол ёки паслари — «Вилла»нинг етти учрашувдан иборат ғалабали сериясини таъминлади. «ПСЖ»га қарши ўйинга Унаи Эмери жамоаси юқори формада етиб келмоқда. Қолаверса, испаниялик мутахассис ушбу клуб бошқарувида иккинчи марта уй учрашувларида ўн беш ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этмоқда.
Испания: «Реал»да пеналти тепиш бўйича муаммолар бор
«Реал» — «Валенсия» 1:2
Голлар: Винисиус 50 — Диакаби 15, Дуро 90+5.
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Винисиус 13.
«Реал» — Гонсалес, Васкес (Гулер, 85), Чуамени, Рюдигер, Гарсия (Камавинга, 77), Модрич (Эндрик, 77), Валверде, Диас (Родриго, 57), Беллингҳэм, Винисиус (Алаба, 77), Мбаппе.
«Валенсия» — Мамардашвили, Ааронс (Дуро, 74), Москера, Таррега, Диакаби, Васкес, Лопес, Барренечеа (Гилямон, 90), Гиерра (Пепелу, 74), Алмейда (Перес, 74), Содиқ (Мир, 59).
Огоҳлантиришлар: Таррега (10), Умар Содиқ (46), Москера (90+8)
«Реал» қаторасига иккинчи уй учрашувида лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган жамоа билан ўйиннинг биринчи бўлимини бой берди. Ҳолбуки мадридликлар тезкор гол билан ҳисобда олдинга чиқиб олиши мумкин эди, аммо Винисиус Жуниор пеналтидан фойдалана олмади ва жавоб ҳужумида гол ўтказиб юборилди. Бу мадридликлар учун жорий мавсумда барча турнирлар доирасида бешинчи бор 11 метрлик нуқтадан хато зарба берилиши бўлди (16 уринишдан 11 гол), бу эса сўнгги 11 йилликдаги энг ёмон кўрсаткич.
Шанба кунги ўйинда пеналти ишлаган Мбаппе бир ҳафта олдин ўз пеналтисини паненка услубида аниқ ижро этганди. Бу ўйинда эса французга 11 метрлик зарба тепиш ҳуқуқини беришмади, у ўйиндан ҳам гол уролмади. «Валенсия»ни бир неча бор Мамардашвили қутқарди, Килианнинг зарбасидан кейин тўп Диакаби орқали дарвозага бориб тушганида эса офсайд қайд этилди.
Иккинчи бўлим бошида бурчак зарбасидан кейин Винисиус Беллингҳем ташлаб берган тўпни дарвозага йўллаганида барчаси жойига тушгандек кўринганди.
Аммо меҳмонлар дарвозабони ҳамда ҳимоячилари қаҳрамонлик кўрсатишда давом этишди ва «Қироллик клуби» муваффақиятни ривожлантира олмади. «Кўршапалаклар» якунда нафақат рақиб штурмига дош беришди, балки қўшиб берилган дақиқаларда ғалабани илиб ҳам кетишди. Мадридликларнинг собиқ футболчиси Уго Дуро жамоанинг чемпионлик амбициясига қаттиқ зарба берди. Карло Анчелотти жамоаси 21 та зарба йўллаганига қарамай, ютқазди ва уч очколик фарқ билан олдинда бораётган «Барселона»га етиб ололмади.
«Барселона» – «Бетис» 1:1
Голлар: Гави 7 – Натан 17
«Барселона» — Шесни, Кунде, Кубарси, Араухо, Балде (Мартин, 75), Педри (Лопес, 75), Де Йонг (Гарсия, 57, Гави, Торрес (Рафиня, 57), Ямал, Левандовски.
«Бетис» — Адриан, Руибал, Бартра, Натан, Перрауд, Кардосо (Лоренте, 79), Алтимира (Авилла, 46), Антони (Родригес, 75), Ло Челсо, Форналс, Кучо (Бакамбу, 75).
Огоҳлантиришлар: Натан 14, Гарсия 77, Кунде 87.
Ўз ўйинини кейинроқ ўтказган «Барселона» орадаги фарқни ошириш имкониятига эга бўлди ва тезда ҳисобни очди. Голли ҳужум Кунде тўпни олиб қўйиши билан бошланди, шундан кейин Ямал Ферран Торресга пас берди, у эса бир тегинишда Гавини қулай вазиятга чиқариб юборди. Аммо каталонияликлар шу руҳда давом эта олишмади ва меҳмонлар тезда жавоб қайтаришди. Ло Челсо бурчакдан тўп оширганида Натан ҳаводаги дуэлда Арауходан устун келди. Кейин ушбу бразилиялик ҳимоячи ва жамоадошлари кўк-анорранглиларнинг барча ҳужумларини қайтаришди, Ферран эса беш метр масофадан туриб аниқ зарба беролмади. Адриан ҳам дарвозада яхши турди, жумладан иккинчи бўлим бошида Кунденинг кутилмаганда яқин бурчакка йўллаган зарбасини бартараф этди.
Қолаверса, шу куни Ямалнинг ўйини чиқмади, унинг узатмаларининг 30 фоизга яқини хато бўлди, муваффақиятсиз дриблинг, ноаниқ пас ва зарбалар туфайли 29 марта тўп йўқотди.
«Бетис» 18 йилдан буён илк бор мавсумнинг икки ўйинида ҳам каталонияликларга ютқазмади, Мануэл Пеллегрини шогирдлари ёрдами туфайли «Реал» «Барса»ни анча олдинга қўйиб юбормайдиган бўлди, энди жамоалар ўртасидаги фарқ олти эмас, тўрт очкони ташкил этмоқда.
Италия: Миландаги триллерлар
«Парма» – «Интер» 2:2
Голлар: Бернабе 60, Ондрейка 69 – Дармиан 15, Тюрам 45.
«Парма» – Судзуки, Алмквист (Леони 46), дел Прато, Волякко, Валенти, Валерий, Эрнани (Бернабе 46), Кейта, Зом (Ондрейка), Ман (Пелегрино 46), Бонни (Камара 78)
«Интер» — Зоммер, Биссек, Ачерби, Бастони (Аугусто, 46), Дармиан, Чалхонўғли (Фраттези, 65), Асллани (Арнаутович, 81), Мхитарян, Димарко (Залевский, 59), Мартинес (Корреа, 65), Тюрам.
Огоҳлантиришлар: Алмквист (28), дел Прато (90+2) – Димарко (57), Залевский (89), Корреа (90+5)
«Парма»ни нафақат кўрсатган характери, балки скудетто учун курашни кескинлаштиргани учун ҳам мақтаса арзийди. «Интер» эса жорий мавсумнинг ўзида иккинчи марта икки тўп фарқни бой берди. Аммо рақиб «Ювентус» (4:4) бўлгани бошқа гап, лигада жон сақлаш учун курашаётган рақиб бошқа гап. Ҳолбуки Лаутаро Мартинес сафга қайтиши аввалига нерадзурриларга омад олиб келганди. Қолаверса, ҳисоб 0:0 ва 1:0 ҳолатларида Зоммернинг сейвлари голлардан қутқарди.
Бўлим охирида Тюрам Мхитаряннинг узатмасидан сўнг иккинчи голни урганида ўйин масаласи ҳал бўлгандек эди. Аммо биринчи бўлимда фойдаланилмаган вазиятлар иккинчи бўлимда панд берди. Энди омад «Парма»га кулиб боқа бошлади, Зоммер иккинчи голни рикошет туфайли ўтказиб юборди. Ўйин охирида мезбонлар ғалабани илиб кетиш учун ўта қулай имкониятни қўлдан бой бергани ҳисобга олинса, дуранг ҳам Симоне Индзаги жамоаси учун ёмон натижа эмас. Аммо «Наполи» якшанба куни ўз ўйинида Болоняда ғалаба қозонса, пешқадам билан орадаги фарқ 1 очкогача қисқаради.
«Милан» – «Фиорентина» 2:2
Голлар: Абраҳам 23, Йович 64 – Тиав 7 (автогол), Кен 10.
«Милан» — Менян, Уокер, Томори, Тиав, Эрнендес, Муса (Йович, 23), Фофана (Чуквуэзи, 80), Пулишич, Рейндерс, Леау, Абраҳам (Ҳименес, 55, Фелиш, 80).
«Фиорентина» — Де Хеа, Понграчич, Мари, Раниери, Додо, Мандрагора, Каталди, Фаджоли, Париси, Гудмундссон, Кен.
Миланнинг бошқа жамоаси ўйини ҳам бундан кам бўлмаган, балки ундан ҳам драматикроқ бўлиб чиқди. Россонерилар сўнгги вақтларда рақибга биринчи бўлиб гол уриш имконини бериши одатий ҳолга айланди, аммо бу сафар янги «даража»га чиқилди ва 10-дақиқага келиб иккита гол ўтказишди. «Фиорентина»нинг иккинчи голига муаллифлик қилган Мойзе Кин учун бу мавсумдаги 22-гол бўлди. У флоренцияликлар тарихидаги тўпурарлар рўйхатида Алберто Жилардино (2008/09)нинг натижасини яхшилашга қараб кетмоқда.
Лекин бундай ёмон старт Сержиу Консейсау жамоасини карахт ҳолатга сололмади ва жамоа тўлиқ куч билан ҳужумга ўтди. 23-дақиқада Абраҳам чиройли гол билан ҳисобни қисқартирди. Иккинчи бўлимда «Милан» янада кучлироқ ўйнади ва учрашув дарвозабонлар бенефисига айланди. Менян ақл бовар қилмас сейв билан Кен иккинчи голни уришига йўл қўймади, Де Хеа эса бир метр масофадан туриб такрорий зарба берган Пулишичга гол уришга йўл қўймади ва бирга-бир вазиятга чиқиб келаётган Сантяго Ҳименесни тўхтатди.
Аммо ўйиндаги тўртинчи гол барибир урилди. Захирадан тушган Йович Фофананинг пасидан кейин яккама-якка вазиятдан фойдаланди. Ўйин охирида Додо урган гол эса офсайд туфайли бекор қилинди ва «Фиорентина» ғалабани илиб кетиш имкониятидан маҳрум бўлди. Бу икки томонни ҳам қониқтирмайдиган дуранг бўлди: «Милан» ва «Фиорентина» турнир жадвалида қўшнилар (саккизинчи ва еттинчи ўринлар) бўлиб қолишди, бу ўринлар эса еврокубокларга йўлланма бермайди. Уларда ҳозирча фақат Италия Кубоги ва Конференциялар лигаси ғолиби сифатида йўлланма олиш имконияти бор.
Германия: Дортмунд кеч уйғонди
«Ҳайденҳайм» – «Байер» 0:1
Гол: Буэндиа 90+1
«Байер» — Градецкие, Та, Андрих (Ҳофманн, 85), Инкапиэ, Фримпонг, Жака, Гарсия, Грималдо, Телла (Шик, 68), Адли (Буэндиа, 77), Бонифасе (Артур, 68).
Германия кубогини сенсацион равишда тарк этган «Байер» «Ҳайденҳайм» майдонидаги ўйинда «Арминия» билан қарама-қаршиликда қила олмаган ишини қилди. Аниқроқ қилиб айтганда — ўз услубида сўнгги дақиқаларда муҳим голни уриб кетди. Бу оқшом Леверкузен қаҳрамони захирадан туширилган Буэндиа бўлди, у жарима майдони ташқарисидан туриб йўллаган зарба устунга теккан ҳолда дарвоза тўрига бориб тушди. Қишда «Астон Вилла»дан ижарага олинган футболчи учун бу Германиядаги биринчи гол бўлди, ғалаба эса «Бавария» ҳозирда биринчи ва иккинчи ўринлар орасидаги олти очколик фарқ узайишига йўл қўймади.
«Фрайбург» – «Боруссия» Д 1:4
Голлар: Эггестин 89 – Адейеми 34, Чуквуэмека 51, Гирасси 61, 68
«Боруссия» Д — Кобел, Антон, Жан, Бенсебайни (Салих, 61), Рюерсон, Чуквуэмека (Гиттенс, 70), Гросс, Свенссон (Алмугера, 80), Брандт, Максимилиан (Гирасси, 61), Адейеми (Феликс, 70).
Ҳечдан кўра кеч яхши. Гап баҳорга келиб ниҳоят немис футболининг грандларидан бири эканини эслаб қолган «Боруссия» ҳақида кетмоқда. Ўтган турда дортмундликлар кучли тўртликдаги «Майнц»га қарши ишончли ўйин ўтказишганди. Энди эса яқингача Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи юқори ўринларда юрган «Фрайбург»ни жазолашди. Ўйинда жамоанинг бу мавсумдаги энг ёрқин футболчиси Адейеми ҳисобни очди. Иккинчи голли ҳужумда «асаларилар»га рикошет ёрдамга келди, кейин Брандт Гирассини бўш қолган дарвоза қаршисига чиқарди. Гиттенс эса «Фрайбург»ни узил-кесил таслим этди. Нико Ковач жамоаси ўзаро ўйинда мағлуб этилган ушбу рақибга деярли етиб олди ва еврокубок зонаси томон яна бир қадам ташлади. Тўғри, «Боруссия»ни олдинда энг оғир ҳафта кутмоқда – дастлаб ЕЧЛ доирасида «Барселона»га қарши сафар ўйини, ҳафта охирида «Бавария» билан немис классикаси.
«Лейпциг» – «Ҳоффенҳайм» 3:1
Голлар: Шешко 24, Баку 43, Поулсен 84 – Бишоф 11
ЕЧЛ йўлланмаси учун курашдаги яна бир жамоа «Лейпциг» ҳам беқарор ўйин кўрсатишда давом этмоқда, бу сафарги ўйин Гулачининг иккиталик хатоси билан бошланди. Тажрибали дарвозабон аввалига тўпни рақибнинг оёғига ташлаб берди, кейин диққатини жамлай олмади ва узоқ масофадан йўлланган, у қадар қийин бўлмаган зарбани тўса олмади. Ўз навбатида, Германия миллий жамоасига номзод дарвозабон Бауманн ҳам «Ҳоффенҳайм»ни қутқара олмади ва Шешко жавоб голини урди. Меҳмонлар бўлим давомида бир киши кам бўлиб қолишди ва танаффус арафасида Бакунинг зарбасидан кейин иккинчи голни ҳам ўтказиб юборишди.
Иккинчи бўлимда эса бир ҳужумда иккита уринишга эга бўлган Поулсен «қишлоқилар» жамоасини буткул таслим этди. «Лейпциг» энди кетма-кет уч турда очко йўқотганига қарамай тўртинчи ўринда қолаётган «Майнц»ни бир очколик фарқ билан таъқиб этмоқда. «Майнц» бу турда ўз уйида аутсайдер «Ҳолштайн»ни енга олмади (1:1). Учинчи ўрин ҳам узоқ эмас, бу турда «Айнтрахт» «Вердер»га ютқазиб қўйди (0:2). Турнир жадвалидаги вазият якшанба кунги ўйинлардан кейин ойдинлашади, Менхенгладбаҳнинг «Боруссия» клуби «Санкт-Паули» майдонида зафар қучолса, тўртинчи ўринга чиқиб олиши мумкин.
Франция: Парижликларда навбатдаги чемпионлик
«ПСЖ» — «Анже» 1:0
Гол: Дуэ 55.
«ПСЖ» — Доннарумма, Ҳакими, Маркиньос, Пачо (Мендеш, 63), Заир-Эмери, Эрнандес, Витиня, Руис (Барколя, 63), Дуэ (Невеш, 67), Рамуш (Дембеле, 63), Кварацхелия.
«Анже» – Фофана, Лефор, Экоми (Диенг,71), Раолисоа, Анен, Бамба, Абделли, Белкдим, Ахолу, Ал Мелали (Аллевина, 46), Лепол (Нян, 81).
Лига 1 28-турида пешқадам «ПСЖ» ўз майдонида «Анже»ни Дуэнинг ягона голи эвазига мағлубиятга учратиб, муддатидан аввал Франция чемпионига айланди. Мазкур ғалабадан сўнг «ПСЖ» очколари сонини 74 тага етказиб, чемпионат якунига 6 тур қолганида, 2-ўриндаги «Монако»дан 24 очкога илгарилаб кетди. Шу тариқа, Луис Энрике шогирдлари 13 карра Франция чемпионига айланди. «ПСЖ» энди асосий эътиборни ЕЧЛ ўйинларига қаратиши мумкин. Бундан ташқари, қолган олти тур давомида мағлубиятсиз ўйнаса, парижликлар Франция тарихидаги мавсумни мағлубиятсиз ўтказган илк жамоага айланади.
«Монако» эса «Брест» майдонида қўшимча дақиқаларда гол ўтказиб юбориб, иккинчи ўрин учун рақобатчилари учун яхши имконият ҳосил қилди. Якшанба кунги ўйинлардан кейин монегаскликларни «Марсел» қувиб ўтиши, ҳозирча еттинчи ўриндаги «Страсбур» ҳам орадаги фарқни бир очкогача қисқартириши мумкин.
Мавзуга оид

02:38 / 03.04.2025
Испания кубоги. «Барселона» «Атлетико»ни яримфиналда қолдириб кетди. Финалда «Эл Класико» бўлади

11:23 / 02.04.2025
«Реал» 8 гол урилган ўйинда финалга чиқди, Сака қайтишини гол билан нишонлади. Кун ўйинлари

12:09 / 31.03.2025
«Сити» кубок сари кетмоқда, «Барса» рақибларга даҳшат солмоқда. Кун ўйинлари

13:44 / 30.03.2025