Жаҳон | 07:54 / 02.04.2025
1668
2 дақиқада ўқилади

Францияда ултраўнг сиёсатчилар оммавий норозилик намойишлар ўтказмоқчи

Франция суди «Миллий бирлик» партияси раҳбари Марин Ле Пенни Европа Иттифоқининг 474 минг евро маблағларини мақсадсиз сарфлаганликда айбдор деб топди ва уни беш йилга сайловларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этди.

Фото: ecfr.eu

Мазкур жиноят иши доирасида яна 20 нафар киши — депутатлар ва ёрдамчилар ҳам айбдор деб топилган.

Суд Ле Пенга тўрт йиллик қамоқ жазосини тайинлади, шундан икки йили шартли. Қолган икки йил давомида у электрон билгузук тақиб юради. Шунингдек, унга 100 минг евро жарима ҳам солинди.

Бу қарор уни 2027 йилги президентлик сайловида иштирок этишдан маҳрум қилади.

Ле Пен суд қарорини «сиёсий ўч олиш», деб атади ва ҳукм эълон қилиниши олдидан суд залини тарк этди. Оддий ҳолда апелляция тугамагунича жазо кучга кирмайди, аммо бу гал суд сайловда иштирок этишни тақиқлашни дарҳол амалга оширишга қарор қилди. Reuters хабарига кўра, агар апелляция шикояти қаноатлантирилмаса, мухолифат етакчиси 5 йил давомида давлат лавозимларига сайлана олмайди.

Сўнгги сўровларга кўра, Ле Пен президентлик пойгасида 34–37 фоиз қўллаб-қувватловга эга эди.

Ҳукмга қарамай, Ле Пен ўз сиёсий фаолиятини тўхтатмаслигини билдирди. «Мен таслим бўлмайман. Менга қарши сиёсий қарор қабул қилинди», — деди у TF1 телеканалида. У 2027 йилги президентлик сайловларида қатнашишга умид қилмоқда.

Ле Пен судни «авторитар режимларча иш тутганликда» айблади. Сўровларга кўра, у сайловда асосий даъвогарлардан бири бўлиши мумкин. Унга Италия, Венгрия ва Нидерландиядан сиёсий қўллаб-қувватлаш билдирилди.

Францияда ултраўнг сиёсатчилар Марин Ле Пенни суд ҳукми орқали президентлик пойгасидан четлатилишига қарши оммавий норозилик намойишларига чақирмоқда.

Унинг сиёсий ҳамроҳи Жордан Барделла ҳукмни демократияга ҳужум деб атаб, французларни ғазабини кўрсатишга чақирди. Ҳозир бу борада жамоатчилик фикри иккига бўлинган. Шанба-якшанба кунлари Франция бўйлаб оммавий намойишлар ўтиши кутиляпти.

Мавзуга оид