Жаҳон | 21:02 / 29.03.2025
2905
2 дақиқада ўқилади

Туркияда Rutube блокланди, ҳостинг эса буни инкор этмоқда

Туркиянинг Технология ва алоқа кенгаши реестрида қайд этилишича, Rutubeʼни блоклаш тўғрисидаги қарор 25 феврал куни қабул қилинган.

Скриншот

Март ойи бошларида Туркиядан Х ижтимоий тармоғидаги бир нечта фойдаланувчи ҳам сайтга кириш имкони йўқлигини билдирган, деб ёзади «Медиазона».

РИА Новостининг маълум қилишича, сайтга кириш Туркиядаги турли мобил операторлар ва уй интернет провайдерлари орқали чекланган.

ТАСС хабар беришича, VPN орқали фойдаланилганда Rutube Туркия ҳудудида одатдаги тартибда ишлайди. VPN’сиз ҳолда сайтга киришга уринганда эса қуйидаги хабар чиқади: «Уланиш ҳимояланмаган. Балки фирибгарлар rutube.ru сайти орқали сизнинг маълумотларингизни — пароллар, хабарлар ва кредит карталари маълумотларини ўғирлашга уринаётгандир». Хавфсиз саҳифага ўтишда эса сайтга Туркия регулятори томонидан блок қўйилгани ҳақида маълумот берилади.

Блоклаш ҳақидаги маълумот берилган плашкада Rutube’га кириш чеклангани сабаби — сайтдаги қимор ўйинларининг реклама қилингани экани айтилади. «Ноқонуний букмекерлик терроризмни молиялаштириш учун фойдаланилиши мумкин. Ноқонуний ставкаларга пул юбориш орқали ўзингизни жиноий ҳолатга тушириб қўйишингиз мумкин», — дея «Медиазона» мазкур билдирувни таржима қилган.

Rutube матбуот хизмати RT’га билдиришича, сервис Туркияда ўз фаолиятини давом эттирмоқда ва блоклаш ҳақидаги маълумотлар «ҳақиқатга тўғри келмайди». Компания таъкидлашича, «қийинчиликлар эҳтимолан маҳаллий провайдерлар ишлаш хусусияти билан боғлиқ бўлиши мумкин».

Мавзуга оид