Жаҳон | 14:30 / 08.02.2025
4229
7 дақиқада ўқилади

Фаластин давлатига қарши Нетаняҳу, Торецкни эгаллаган Россия ва энергетик мустақилликка эришган Болтиқбўйи — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Нетаняҳу: Фаластин учун жойни Саудия берсин

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Тел-Авив ҳеч қайси давлат билан алоқаларни нормаллаштириш жараёнида Фаластин давлатини ташкил этиш талаби асосида келишувга эришмаслигини таъкидлади.

Исроилнинг Channel 14 телеканалига берган интервюсида у Саудия Арабистонининг Исроил билан муносабатларни яхшилаш шартларидан бири Фаластин давлатини тузиш эканлиги ҳақидаги баёнотига жавоб қайтарди.

«Агар улар Фаластин давлатини тузишни хоҳласа, уни Саудия Арабистонида барпо этсин. Уларда катта кимсасиз ҳудудлар бор», — деди Нетаняҳу.

Унинг сўзларига кўра, бундай қадам «ҲАМАС ғалабаси ва Исроил мағлубияти»ни англатади ва Тел-Авив ўз хавфсизлигини таҳдид остига қўядиган ҳеч қандай келишувни имзоламайди.

Россия Торецкни эгаллади

Россия армияси Донецк областидаги Торецк шаҳри устидан назорат ўрнатганини эълон қилди. Россия мудофаа вазирлиги уни СССР давридаги ном билан — Дзержинск деб атади.

Киев бу хабарни ҳозирча расман тасдиқлагани йўқ. Украина OSINT-лойиҳаси DeepState эса Торецкни харитасида Россия қўшинлари томонидан деярли тўлиқ ишғол қилинган ҳудуд сифатида белгилади.

Шаҳар учун жанг етти ярим ойдан бери давом этарди. Агар Россия Мудофаа вазирлиги маълумоти тасдиқланса, 35 минг аҳоли яшаган бу шаҳар 2023 йил май ойида Бахмут эгалланганидан сўнг Россия қўшинлари қўлига ўтган энг йирик шаҳар бўлади.

Бахмут учун жанглар бутун урушдаги энг қонли тўқнашувлардан бири сифатида қайд этилган. Турли баҳоларга кўра, Россия қўшинлари ушбу шаҳарни эгаллаш учун 32-45 минг аскарини йўқотган.

Украина Курскда илгариламоқда

Украина қўшинлари Россиянинг Курск областидаги ҳужумни давом эттириб, 5 км ичкарига кирди ва 79 киши яшаган Колмаков хуторини назоратга олди, деб хабар берди Урушни ўрганиш институти.

Геолокация маълумотларига кўра, Украина қўшинлари Махновка жануби-ғарби, Черкасская Конопелька шимоли ва шарқи бўйлаб илгариламоқда. Шунингдек, Фанасеевкага киргани айтилмоқда, лекин шаҳар устидан тўлиқ назорат ўрнатилгани ҳали номаълум.

Россия ҳарбий блогерлари Украина қўшинларининг тактик муваффақиятини тан олиб, Россия армияси катта миқдордаги техника йўқотганини даъво қилмоқда.

Киев операцияни эҳтимолли тинчлик музокараларида позициясини мустаҳкамлаш учун муҳим қадам деб ҳисобламоқда.

Трамп: Россиянинг йўқотишлари 800 мингдан ошди

АҚШ президенти Доналд Трамп Россия армиясининг Украинадаги йўқотишлари 800-900 минг кишига етганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу рақам жангларда ҳалок бўлган ва тикланмас оғир жароҳат олган ҳарбийларни ўз ичига олади.

Трамп ушбу уруши «инсон ҳаёти учун фожиали» деб атаб, уни тезроқ тугатиш истагини билдирди. У Украина армиясининг умумий йўқотишлари тахминан 700 минг нафар эканини айтди, бироқ Киев расмийлари бу рақамлар билан келишмайди. Украина президенти Володимир Зеленский 5 февралда армиясида 45,1 минг аскар ҳалок бўлганини, 390 минг киши жароҳатланганини айтди. UALosses лойиҳаси эса қурбонларнинг умумий сони 63,5 минг нафарга етганини ҳисоблаган.

Октябрь 2024 йилда Буюк Британия мудофаа вазирлиги Россия йўқотишларини 648 минг деб баҳолаган, Пентагон эса бу рақамни 615 мингга яқин деб кўрсатган. Россия президенти Владимир Путин эса 2024 йилда расмий равишда армия йўқотишларини 135 минг деб эълон қилган.

Хоминаий Трамп режаларини масхара қилди

Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий Доналд Трампнинг фаластинликларни Ғазодан бошқа араб давлатларига кўчириш режасини танқид қилди. «Қоғозда улар дунё харитасини ўзгартирмоқда, лекин бу реалликдан узоқ», — деди у.

Хоминаий Трамп таклиф этган «катта битим» ғоясини кескин рад этди ва АҚШ билан музокаралар «на оқилона, на шарафли» эканини таъкидлади. У 2015 йилдаги ядровий келишув тажрибасини эслатиб, Трампнинг 2018 йилда АҚШнинг битимдан чиқиши ва санкцияларни тиклаши Эрон иқтисодиётига жиддий зарба берганини қайд этди.

«Агар улар хавфсизлигимизга таҳдид солса, биз ҳам уларнинг хавфсизлигига таҳдид соламиз», — деб огоҳлантирди Хоминаий. Трамп Эрон билан «назорат қилинадиган ядровий келишув» устида ишлаш истагини билдирган, аммо шу билан бирга, мамлакатга нисбатан қаттиқ босим сиёсатига қайтишни режалаштирмоқда.

АҚШ суди Трампнинг ислоҳотларини тўхтатди

Америка суди Доналд Трамп маъмурияти томонидан амалга оширилаётган оммавий беихтиёр ишдан бўшатиш дастурини вақтинчалик тўхтатди. Бу профсоюзлар учун муваффақият саналади, аммо суд қарори 10 февралга қадар амал қилади. Судя Жорж О'Тул ушбу чекловни узайтириш ёки бекор қилиш масаласини муҳокама қилади.

Трамп давлат аппаратларини кескин қисқартиришни режалаштирмоқда ва Илон Маск раҳбарлигидаги «DOGE» департаменти орқали 2 млн хизматчини ишдан бўшатишни кўзламоқда. Шунингдек, ФҚБ ва МРБ каби муҳим тузилмалардаги ходимлар ҳам қисқартирилмоқда.

Wall Street Journal хабарига кўра, суд Илона Маскнинг АҚШ давлат хазначилигига киришини тақиқлади. Бу унинг давлат молиявий тизимига таъсир ўтказишининг олдини олишга қаратилган.

Болтиқбўйи Россиядан энергетик мустақилликка эришди

Бугундан бошлаб Литва, Латвия ва Эстония Россия энергетик тизимидан батамом узилиб, мустақил тармоқка ўтади.

«Россия ортиқ энергетикадан шантаж сифатида фойдалана олмайди. Бу эркинлик ва европача бирдамлик ғалабаси», — деб ёзди Европа Иттифоқи дипломатик ваколатхонаси раҳбари Кая Каллас.

2022 йилда Болтиқбўйи давлатлари Россия электр энергиясини импорт қилишни тўхтатган эди. Аммо шу пайтгача улар техник жиҳатдан Россия ва Беларус тармоқлари билан боғлиқ ҳолда қолганди. Энди умумий тизимдан тўлиқ узилиш Москвага боғлиқликни тугатади ва Москвадан батамом энергетик мустақилликни таъминлайди.

Қирғизистон янги мадҳия танламоқда

Қирғизистон маданият вазирлиги давлат мадҳиясининг янги матни ва мусиқаси учун танлов эълон қилди.

Ҳукумат янги мадҳия миллий бирлик, тарихий мерос ва маданий анъаналарни яхшироқ акс эттириши керак, деб ҳисобламоқда.

Лойиҳалар ватанпарварлик, тантаналилик ва адабий меъёрларга мувофиқлик бўйича баҳоланади. Танлов ғолибини Жоғорку Кенгеш депутатлари, ёзувчилар, бастакорлар ва маданий арбоблардан иборат комиссия аниқлайди. Агар муносиб вариант топилмаса, танлов бекор қилиниши мумкин.

Мадҳияни янгилаш ғояси 2024 йил октябрда парламент спикери Нурланбек Турғунбек уғли томонидан илгари сурилганди. Президент Садир Жапаров ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган эди.

Мавзуга оид