Жаҳон | 13:50 / 20.09.2024
3096
3 дақиқада ўқилади

Ригада мусодара қилинган «Москва уйи»га харидор топилмади

Ригадаги «Москва уйи» биноси миллий хавфсизликка таҳдид туфайли Россия пойтахти ҳукуматидан Латвия фойдасига мусодара қилинди. Аукционнинг бошланғич баҳоси 3,57 миллион еврони ташкил қилди.

Фото: Victor Lisitsyn/Russian Look/picture alliance

Ригадаги «Москва уйи» маданият маркази кимошди савдосида сотилмайди — уни сотиб олувчилар йўқ. Бу ҳақда DW нашрига 19 сентябр, пайшанба куни Латвия давлат кўчмас мулк бошқарув компанияси – Valsts nekustamie īpašumi (VNĪ, «Давлат кўчмас мулки») хабар берди. Ҳозирда бошланғич баҳони 20 фоизга пасайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

3,57 миллион евро бошланғич нарх потенциал харидорларни қизиқтирмади, деди VNĪ бошқарув кенгаши аъзоси Андрис Варна. Унинг сўзларига кўра, маданий-маърифий тадбирлар функцияларига йўналтирилган объектнинг ўзига хос мақсади туфайли бинони сотишнинг иложи йўқ – ҳозирча бозорда бунга талаб йўқ.

«Шундай қилиб, бинонинг кейинги потенциал эгаси, унга қўшимча сармоя киритган ҳолда, маҳаллий ва халқаро бозор талабларига яхшироқ жавоб берадиган функцияларга мослаштириши керак», деди Варна.

Бино Латвия миллий хавфсизлигига таҳдид туфайли мусодара қилинган

Собиқ «Москва уйи» 2002 йилда Москва ҳукумати томонидан «Латвияс Дзелзцелш» миллий темирйўл компаниясидан сотиб олинган ва икки йилдан кейин у маданият маркази сифатида ишлай бошлаган. 2024 йил январ ойида бино Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми сабабли санкциялар остида бўлганлиги туфайли Латвия давлати мулки фойдасига олиб қўйилди. Мулкдорни ўзгартириш учун Латвия Сейми депутатлари махсус қонун қабул қилдилар («Давлат хавфсизлигига таҳдидларнинг олдини олиш учун зарур бўлган кўчмас мулкка нисбатан ҳаракатлар тўғрисида»).

Ташаббус муаллифи Миллий хавфсизлик бўйича Сейм комиссияси бўлди. У мусодарани Россия расмийлари бинодан «ташқи сиёсат қуроли» сифатида фойдалангани билан асослади: «Москва уйи»да маданий тадбирлар ва таълим ниқоби остида миллий хавфсизликка путур етказувчи сиёсий тадбирлар ўтказилган, дейди депутатлар. Латвия ҳукумати бино сотувидан тушган маблағни Украинани қўллаб-қувватлаш учун хайрия қилишга ваъда бермоқда.

Россия расмийлари салбий ҳуқуқий оқибатлар билан таҳдид қилди

Россиянинг Латвиядаги элчихонаси мусодарани «мол-мулкни босқинчилик йўли билан олиб қўйиш» деб атади ва «халқаро судларда кўп йиллик жараён» тўғрисида ваъда берди. Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова бинонинг кейинги эгаларига «салбий ҳуқуқий оқибатлар» билан таҳдид қилди.

«Москва уйи» — беш қаватли бино, унда битта ерости қават бор ва умумий майдони 4482,4 квадрат метрга тенг. У 1976 йилда қурилган.

Мавзуга оид