Ўзбекистон | 21:34 / 21.06.2024
3460
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги лойиҳалар маркази ташкил этилади 

Марказ қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муаммолар тўғрисида Президент администрациясига ахборот беради. 

«Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди. 

Қарорга кўра, давлат муассасаси шаклида «Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги лойиҳалар маркази» офиси ташкил этилади. 

Марказ ҳар ойда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасини ислоҳ қилиш ҳолати, амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва уларни бартараф этиш йўллари тўғрисида Президент администрациясига ахборот беради. 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва марказ томонидан: 

2024 йилда:

- мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини текшириш ва экспорт улушини ошириш учун Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида халқаро талабларга мос бўлган 3 та замонавий лаборатория ташкил этиш чоралари кўрилади. 

2024/2025 ўқув йилидан:

- аграр соҳадаги олий таълим муассасалари талабалари билимини, педагогларининг малакасини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ходимлари фаолиятини халқаро тажрибалар асосида баҳолаш тизими такомиллаштирилади;

- Тошкент давлат аграр университетида таълим йўналишлари босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказилади. 

Лойиҳа офисига тегишли вазирлик ва идоралар, уларнинг тизимидаги муассасалар, илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали мутахассисларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, шартнома асосида Лойиҳа офиси фаолиятига жалб қилиш ҳуқуқи берилади. 

Мавзуга оид