18:35 / 09.05.2024
9963

Залужний элчилик лавозимига тайинланди

Президент қарори билан у ҳарбий хизматдан озод этилди.

Фото: Global Look Press

Украина президенти Володимир Зеленский Украина Қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони Валерий Залужнийни ҳарбий хизматдан бўшатди. 8 май куни тегишли қарор давлат раҳбари сайтида эълон қилинди.

«Генерал Валерий Федорович Залужний соғлиғи сабабли ҳарбий хизматдан озод қилинсин. Унда ҳарбий форма кийиш ҳуқуқи сақланиб қолсин», дейилади ҳужжатда.

Президент бошқа фармон билан Залужнийни Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси этиб тайинлади.

Шунингдек, Зеленский фармон билан Сергей Лупанчукни Украина Қуролли Кучлари Махсус операциялар кучлари қўмондони лавозимидан озод қилди ва бу лавозимга Украина Қаҳрамони Александр Трепакни тайинлади.

Володимир Зеленский феврал ойида Украина Қуролли кучлари раҳбарияти ўзгаришини маълум қилган эди. 2021 йилдан бери Украина Қуролли кучларига қўмондонлик қилган ва сўровлар натижаларига кўра Украинадаги энг машҳур ҳарбий деб топилган Валерий Залужний ишдан бўшатилди. Александр Сирский Украина Қуролли кучларининг янги бош қўмондони бўлди.

Залужний истеъфога чиқишидан олдин Украина ва Ғарб оммавий ахборот воситалари бир неча ой давомида Зеленский ва Залужний ўртасидаги можаро Украинанинг фронтда муваффақиятсиз қарши ҳужуми фонида содир бўлганлиги ҳақида хабар беришди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top