13:00 / 08.05.2024
5534

Рафаҳга бостириб кирган Исроил, Путиннинг инаугурацияси ва Зеленскийга муваффақиятсиз суиқасд — кун дайжести

Ўтган сутка давомида жаҳон саҳнасида содир бўлган эътиборга молик воқеа-ҳодисалар ва янгиликлар тафсилоти билан одатдагидек таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

ҲАМАС томонидан Ғазода ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимга розилик берилганига қарамасдан, Исроил ўзига хос ва мос тарзда битимни рад этди ва 7 май куни Рафаҳга бостириб кирди. Исроил томони келишув бандларига рози эмаслигини билдирган ва Рафаҳга танкларда кириб келган.

Рафаҳнинг Миср билан чегарасидаги назорат ўтказиш пункти эгалланиб, у ерга Исроил байроғи тикилди.

Рафаҳда айни пайтда Хон Юнус ва шимолроқдаги бошқа шаҳарларга ҳужум асносида кўчирилган 1,5 миллион фаластинликлар бошпана топишган.

Рафаҳнинг урушгача бўлган аҳолиси ҳам қўшиб ҳисобланса, қопқонга тушиб қолган инсонлар сони 2 миллионга яқинлашади. Уларнинг 600 мингдан зиёдини ёш болалар ташкил этади. Кўчирилганлар Рафаҳда асосан чодирларда яшашади.

Исроил армияси Рафаҳ жанубидаги Ғиста даҳасини ўққа тутган. Кўплаб болалар вайроналар остида қолиб ҳалок бўлишган.

БМТ ҳам Ғазо секторининг жанубидаги иккита асосий назорат ўтказиш пункти ёпиқ қолаётганини таъкидлаган. 1,5 миллиондан ортиқ фаластинликлар учун сўнгги бошпана бўлиб қолаётган анклав энди Исроилнинг Рафаҳга бостириб кирганидан сўнг ташқи ёрдамдан буткул узилди.

Музокараларнинг воситачиларидан бири Миср Исроилнинг Рафаҳдаги операцияси ўт очишни тўхтатиш бўйича ойлар давомида олиб борилган саъй-ҳаракатларни чиппакка чиқаришини таъкидлаган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг девонхонаси Исроил мудофаа армияси ЦАҲАЛ гаровда ушлаб турилганларни озод қилиш учун ҲАМАС жангчиларига ҳарбий босим ўтказишда давом этишини айтиб ўтган. Шунингдек, ўт очишни тўхтатиш учун ҲАМАСнинг шартлари «Исроилнинг талабларидан жуда узоқда» экани ҳам маълум қилинган. Лекин шунга қарамасдан, Исроил томони муроса йўлини топиш учун Қоҳирага ўз вакилларини жўнатишини маълум қилган.

Исроил Рафаҳдаги операцияни ҲАМАС мағлубиятга учрамагунча давом эттирмоқчи. АҚШ, Германия, Миср ва Туркия Исроилнинг Рафаҳга ҳужумига қарши чиқмоқда.

Исроил мудофаа вазири Йоав Галант Фаластиннинг Рафаҳ шаҳридаги ҳарбий операция ҲАМАС ҳаракати мағлубиятга учрамагунча ёки гаровга олинган исроилликлар қайтарилмагунча давом этишини маълум қилди.

«Кеча мен ЦАҲАЛга Рафаҳ ҳудудига киришни, чегара пунктини эгаллашни буюрдим. Бу операция Рафаҳ ҳудуди ва бутун Ғазо секторида ҲАМАС йўқ қилинмагунча ёки гаровга олинганлар қайтарилмагунча давом этади», деди у.

Ўз навбатида, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳамасчиларнинг кечаги тинчлик ташаббусларига жавоби Исроил қўшинларининг Рафаҳда олдинга силжишини «саботаж қилиш» учун зарур эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Рафаҳдаги операция бошқа нарсалар қатори, гаровга олинганларни озод қилиш учун ҳам зарур, чунки бош вазирнинг сўзларига кўра, келишув битимини тузиш учун ҳамасчиларга ҳарбий босим ўтказиш керак.

Нетаняҳунинг аниқлик киритишича, ҳарбий кампанияга параллел равишда Исроил ҲАМАС билан музокараларни давом эттирмоқда. У Қоҳирадаги исроиллик музокарачиларга Исроил шартларига қатъий риоя қилишни буюрган. Шунингдек, у Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти устидан назорат ўрнатилишини анклавдаги ҲАМАС ҳарбий салоҳияти ва қудратини йўқ қилиш йўлидаги муҳим қадам деб атади.

Исми ошкор этилмаган исроиллик амалдор берган маълумотга кўра, Рафаҳ ҳудудидаги ҳозирги операция тўлиқ ҳужумнинг бошланиши эмас. Унинг таъкидлашича, бу тактик устунликка эришиш ва музокаралар жараёни билан боғлиқ ҳолда ҳамасчиларга босим ўтказиш учун мўлжалланган «жуда чекланган» операция.

Путин янги муддатга киришди

Катта Кремл саройида Владимир Путиннинг Россия президенти лавозимига киришиши маросими ўтказилди. Бу Путин учун 2000 йилдан буён бешинчи инаугурация маросимидир.

У ўзининг инаугурация нутқида Россия фуқароларига миннатдорчилик билдирди, мамлакат тараққий этишига ваъда берди ҳамда Ғарб билан мулоқотга очиқ эканини айтиб ўтди.

У давлат раҳбари сифатида РФ Конституциясига қўл қўйиб, «инсонлар ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари»ни ҳимоя қилишга ваъда берган ҳолда қасамёд қилди.

Россияга «нодўст» давлатлар, жумладан Буюк Британия ва Евроиттифоқ мамлакатлари ўз дипломатларини маросимга юбормаган. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков уларнинг қарори Москва томонидан қандайдир чоралар кўрилишига сабаб бўлмаслигини айтган.

Владимир Путин янги муддатга президентлик лавозимига киришиши муносабати билан Россия конституциясига кўра, бош вазир Мишустин раҳбарлигидаги ҳукумат истеъфога чиққан. Энди янги ҳукумат шакллантирилади.

Украинага ёрдам

Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активларидан олинаётган даромадларнинг 90 фоизини Украинанинг ҳарбий эҳтиёжлари учун йўналтиради. Евроиттифоқ давлатлари бу таклифни маъқуллашгани ҳақида Германия канцлери Олаф Шолц маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, гап «йилига бир неча миллиард еврони ташкил этувчи арзирли сумма» ҳақида бормоқда. Бу ҳолатда Украинага бу пулларга айнан Европадан қурол-яроғлар сотиб олишга мажбур бўлади.

Шолцнинг қўшимча қилишича келишув якунловчи босқичда. Бу қарор ёз ойларида Европа Иттифоқининг Украина олдидаги 16 млрд евролик мажбуриятига яна 3 млрд евро қўшилишини таъминлайди, деган Европа Иттифоқининг иқтисодиёт бўйича комиссари Паоло Жентилони.

Зеленскийга суиқасд фош этилди

Украина хавфсизлик хизмати 7 май куни президент Володимир Зеленский ва бошқа юқори мартабали амалдорларга нисбатан суиқасд тайёрлаган икки полковникни ҳибсга олган.

Хавфсизлик хизмати Украина раҳбарияти вакилларига ҳужум уюштиришни режа қилган бутун бошли тармоқни фош этган. Ушбу жиноий тармоқ Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан бошқариб келингани айтилмоқда.

Ҳужум Россия Федерал хавфсизлик хизматига ишлаган ҳарбийлар — Максим Мишуcтин, Дмитрий Перлин ва Алексей Корнев томонидан ташкил этилиши керак бўлган.

«Бу суиқасд Россия президенти Владимир Путинга унинг инаугурация маросими учун совға бўлиши лозим бўлган. Аммо операция муваффақиятсизликка учради», — дейилади Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Васил Малюк ҳисоботида.

Россиянинг суиқасд орқали ўлдиришни режалаштирган шахслар орасида, Володимир Зеленскийдан ташқари Украина хавфсизлик хизмати Васил Малюк ва Украина ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Буданов ҳам бўлган.

Расмийлар тергов жараёни давом этаётганини билдирган. Президент Зеленскийнинг хавфсизлиги юксак даражада таъминлангани айтилган.

Қозоғистон шакар экспортини тақиқлади

Қозоғистон ёз охиригача шакар экспортини тақиқлади. Бу эса келаётган ёз мавсумида қозоғистонликларнинг шакарга бўлган талабини тўлиқ қондириш имконини беради.

Бош вазир ўринбосари Серик Жуманғарин раислигида Ташқи савдо сиёсати ва халқаро иқтисодий ташкилотларда иштирок этиш бўйича идоралараро комиссия йиғилишида қанд лавлагининг янги ҳосили олдидан ички бозорни шакар билан таъминлаш масалалари муҳокама этилган.

Айни пайтда Қозоғистон омборларида шакар захиралари қарийб 256 минг тоннага етади. Бу мамлакат йиллик эҳтиёжининг ярмини ташкил этади.

Яқин келажакда Қозоғистон томони Россия билан йил охиригача шакар етказиб бериш квотаси ҳажмини 100 минг тоннага ошириш бўйича музокаралар олиб боришни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, қозоғистонликларни шакар билан узлуксиз таъминлаш мақсадида идоралараро комиссия 2024 йил 31 августгача Қозоғистондан учинчи давлатларга шакар экспортини вақтинчалик тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилган. Тақиқ мамлакат ҳудудидан халқаро транзитга таъсир қилмайди.

Аввалроқ, Россия ҳам шакар экспортини вақтинча тақиқлаган эди.

Top