15:22 / 08.05.2024
4690

Дон корхоналари хусусийлаштирилмоқда

“Тўрткўлдонмаҳсулоти” МЧЖнинг Берунийдаги филиали 2,2 млрд сўмга сотилди. Яна 16 та дон корхоналари ва уларнинг филиаллари такрорий савдога чиқарилади.

Фото: Kun.uz

Давлат активларини бошқариш агентлиги дон корхоналарининг хусусийлаштирилиши борасида маълумот берди.

Маълум қилинишича, “Тўрткўлдонмаҳсулоти” МЧЖнинг “Берунийдон” филиали энг яхши тижорат таклифини тақдим этган “Building House One” МЧЖга 2,2 млрд сўмга сотилган. Шунингдек, объект камида беш йил давомида активнинг асосий фаолият турини сақлаб қолиш ва мавжуд дон сақлаш сиғимларини камайтирмаслик ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда давлат захираси учун сақланадиган дон ҳажмларини шартномалар асосида ҳақ тўлаш эвазига сақлаб бериш шарти билан хусусийлаштирилган.

Очиқ маълумотларга кўра, “Building House One” 2022 йилда ташкил этилган бўлиб, турар жой биноларини қуриш билан шуғулланади. Устав фонди – 4 млрд сўм. Таъсисчиси – “Шоббоз Тош” МЧЖ.

Давактив хабарига кўра, яна 16 та дон корхоналаридаги давлат улуши ва дон корхоналари филиаллари мулкий мажмуалари бўйича савдода қатнашиш учун таклифлар келиб тушмагани сабабли, мазкур активлар такрорий савдоларга чиқарилган.

11 та дон саноати корхонаси, шунингдек, 5 та филиалнинг мулкий мажмуаларидаги давлат улушлари такрорий савдоси учун талабгорлардан ҳужжатлар 16 май, Тошкент вақти билан соат 18:00 гача қабул қилиниши сўралмоқда.

Ўз навбатида, дон корхоналаридаги давлат улуши ва дон корхоналари филиаллари мулкий мажмуалари бўйича нарх таклифларини кўриб чиқишда, Хусусийлаштириш давлат комиссияси томонидан мўлжал сифатида инобатга олинадиган тавсиявий баҳолаш қийматини 50 фоизга қадар қадамма-қадам пасайтириш механизми жорий этилган.

Дон саноати корхоналарининг хусусийлаштирилиши

Spot нашри охирги бир йил ичида дон саноати корхоналарининг хусусийлаштириш тенденциясини эслатди.

2023 йил декабр ойида тўртта корхонанинг давлат улуши 21,3 миллион долларга хусусийлаштирилди: “Бухородонмаҳсулотлари” МЧЖнинг 51,84 фоиз улуши, “Ғалла-Алтег” МЧЖнинг 51 фоизи, “Ховос дон маҳсулотлари”нинг 94,2 фоизи ва “Дунё М” МЧЖнинг 51,8 фоиз улуши хусусийлаштирилган.

Феврал ойида Давактив 10 миллиард сўмлик мулк мажмуаси ва 14 миллиард сўмлик бир дон хўжалиги корхонасини хусусийлаштирди. Март ойида “Алпомиш ун тегирмон” корхонаси 40 миллиард сўмга сотилган бўлса, апрел ойида “Яккатут” кластери “Қоракўлдонмаҳсулотлари”ни 26 миллиард сўмга сотиб олди.

Шавкат Мирзиёев 16 январ куни “Ўздонмаҳсулот” АЖга қарашли 33 та ғалла ишлаб чиқарувчи корхонани жорий йил охиригача сотиш, уларнинг нархини бозор қийматига келтириш бўйича топшириқ берган эди. Президент баъзи активларнинг нархи сунъий равишда ошириб юборилгани сабабли бир неча йил давомида сотилмаганини таъкидлади.

Аввалроқ, Давактив директори Тошкент халқаро инвестиция форумида охирги 3 йилда 2,5 млрд долларга яқин хусусийлаштириш амалга оширилгани ҳақида маълум қилганди.

Top