08:25 / 08.05.2024
1866

АҚШ иттифоқчилари билан LockBit ҳакерлари етакчисига қарши санкциялар жорий қилди

Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари, уларга кўра, LockBit ҳакерлар гуруҳи раҳбари бўлган россиялик Дмитрий Хорошевга қарши санкциялар киритди. АҚШ Адлия вазирлиги уни ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион доллар ваъда қилган.

Фото: Getty Images

АҚШ, Британия ва Австралия россиялик Дмитрий Хорошевга қарши санкциялар жорий қилди, у америкалик ва британиялик терговчиларга кўра, LockBit ҳакерлик гуруҳи асосчиси ва раҳбари ҳисобланади. 7 май, сешанба куни АҚШ Адлия вазирлиги Хорошевни ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион долларгача мукофот ваъда қилди.

«LockBitSupp, LockBit ва putinkrab лақаблари билан ҳам танилган Дмитрий Юревич Хорошев, Россиянинг Воронеж шаҳридан, 31 ёшда, Ню-Жерси округ судида 26 та банд бўйича айбланган», — дейилади департамент матбуот хизматида. Гап фирибгарлик ва товламачиликнинг ҳар хил турлари ҳақида бормоқда. Бу айбловлар учун максимал жазо жами 185 йил қамоқ ҳисобланади.

АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, LockBit гуруҳи фаолиятидан 2000 дан ортиқ одам зарар кўрган, улардан 100 миллион АҚШ доллари тўлов дастури ёрдамида ўғирланган.

Феврал ойида АҚШ, Британия ва бошқа мамлакатлардан халқаро тергов гуруҳи LockBit инфратузилмасини йўқ қилгани ва ҳакерлар гуруҳининг 200 га яқин аъзолари рўйхатига кириш имконига эга бўлганини маълум қилган эди. Бироқ, LockBit тез орада унинг серверлари тикланганини эълон қилди.

Россиялик ҳакерлар Германия ва Чехияга ҳужум қилди

Май ойи бошида Германия ва Чехия ушбу мамлакатлардаги бир қатор сиёсий тузилмаларга киберҳужумлар Россия ҳарбий разведкаси билан боғлиқ деб ҳисобланган APT28 ҳакерлик гуруҳи томонидан амалга оширилганини маълум қилган эди. Шу муносабат билан Германия Россиядан ўз элчисини маслаҳатлашувлар учун чақириб олди, Россия элчиси эса Чехия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. НАТО ва Европа Иттифоқи ҳужумларни қоралаб, Прага ва Берлин билан бирдамлик билдирди.

Оксфорд университети ва Канберрадаги (Австралия) Янги Жанубий Уэлс университети олимларининг яқинда чоп этилган қўшма тадқиқотига кўра, Россия кибержиноятчиликдан энг катта хавф туғдиради. Россия Федерациясидан кейин Украина, Хитой, АҚШ ва Нигерия бу рейтингда катта фарқ билан бормоқда.

Top