19:21 / 07.05.2024
12518

«Хитой бу инқироз тарафдори ёки иштирокчиси эмас» - Си Жинпинг Ғарбнинг ХХР ва Россия ҳамкорлиги юзасидан даъволарини рад этди

Си Жинпинг Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашувда Хитой «бу инқирознинг [Украинадаги урушнинг] яратувчиси ҳам, унинг тарафдори ҳам, иштирокчиси ҳам эмас» деди. 

Фото: Miguel Medina / AFP / Scanpix / LETA

Хитой раҳбари Си Жинпинг Францияга ташриф буюрди ва Украинадаги уруш пайтида Россия билан яқин алоқада бўлганини рад қилди. Бу ҳақда The New York Times (NYT) ёзди. 

«Биз [Украинадаги] инқироздан учинчи давлатни айблаш, унинг обрўсига путур етказиш ва янги совуқ урушни қўзғатиш учун фойдаланилишига қаршимиз», деди Хитой раҳбари. 

Си Жинпинг Франция президенти Эммануэл Макрон билан қўшма матбуот анжуманида Хитой «бу инқирознинг яратувчиси ҳам, унинг тарафдори ҳам, иштирокчиси ҳам эмас» деди. 

«Аммо биз ташқи кузатувчи ҳам эмасмиз, биз тинчликка эришишга доимо фаол ҳисса қўшганмиз», деди Си Жинпинг. 

Нашр тахминига кўра, бу баёнот «асосан» Қўшма Штатларга қаратилган, чунки у Хитой Россия билан иқтисодий ҳамкорликни давом эттиришдан ташқари, Москвага ҳарбий ёрдам кўрсатмоқда, деб ҳисоблайди. 

Макрон ва учрашувда иштирок этган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Хитой раҳбарига Украинадаги урушни тугатиш мақсадида Москвага таъсир қилиши учун «босим ўтказди», деб ёзди нашр. 

Франция президенти Хитой раисига мурожаат қилиб, «Украина хавфсизлигисиз Европада хавфсизлик бўлиши мумкин эмас», деди. Шу билан бирга, у Франция Россия ёки унинг халқи билан уруш ҳолатида эмаслигини, шунингдек, «Путин режимини ағдаришга» интилмаслигини таъкидлади. 

Музокаралар якунида Урсула фон дер Ляйен Пекин «Украинага қарши тажовузкор урушни тўхтатиш учун Россияга ўз таъсиридан фойдаланиши» кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Си Жинпинг аввалроқ Россиянинг «масъулиятсиз ядровий таҳдидларини юмшатишда муҳим рол ўйнаган». У Хитой раҳбари бу ишни давом эттиришига ишонч билдирди. 

Еврокомиссия раҳбарининг қўшимча қилишича, Россияга икки мақсадли маҳсулотлар етказиб беришни чеклаш бўйича қўшимча ҳаракатларни амалга ошириш зарур, чунки бу товарлар кейинчалик жанг майдонига тушмоқда. 

«Ушбу уруш Украина учун ҳам, Европа учун ҳам «экзистенциал» таҳдидлар туғдираётганини ҳисобга олсак, бу Европа Иттифоқи ва Хитой муносабатларига таъсир қилади», деб хулоса қилди фон дер Ляйен. 

NYT газетаси Европанинг юқори мартабали амалдор Украинадаги урушни Европа қитъаси учун «экзистенциал таҳдид» деб таърифлаганини «анча ғайриоддий» деб атади. Нашрнинг ёзишича, бунга Россия расмийларининг ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли ҳақидаги янги баёнотлари сабаб бўлиши мумкин. 

Бу Си Жинпингнинг сўнгги беш йил ичида Европага биринчи ташрифи бўлди. Хитой раҳбари Франциядан кейин Сербия ва Венгрияга ҳам боради. 

Нашрнинг таъкидлашича, қилинган баёнотларга қарамай, Си Жинпинг ва Макрон ўртасидаги учрашувдаги муҳит «дўстона» бўлган. Хитой раҳбарининг таъкидлашича, икки мамлакат ўртасида «геосиёсий таранглик ёки фундаментал можаро мавжуд эмас». 

Си Жинпинг ва Макрон, шунингдек, 26 июлдан 11 августгача бўлиб ўтадиган Париж Олимпиадаси вақтидаги барча можаролардаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, «Олимпия сулҳи»га чақиришди. 

Вашингтон фикрига кўра, Хитой Россия мудофаа саноатини дрон ва ракета технологиялари, сунъий йўлдошдан олинган суратлар ва жиҳозлар билан таъминлаш орқали кучайтирмоқда. Бу эса Москвага Совет Иттифоқи давридан бери биринчи марта «ҳарбий саноат кўламини кенгайтиришга имкон беряпти». 

Апрел ойида Reuters агентлиги АҚШ президенти Жо Байден Си Жинпинг билан бўлиб ўтган телефон суҳбатида бу масалани кўтарганини ёзган эди. 

«Биз ҳозир Украинани қўллаб-қувватлаш йўлидаги энг радикал қадамларимиздан бири бу Хитойни Россияга ҳарбий саноат базасини тиклашда ёрдам беришни тўхтатишга кўндиришдир, деб ҳисоблаймиз. Россиянинг Хитой иштирокисиз ҳарбий саъй-ҳаракатларини давом эттириши қийин бўларди», деди АҚШ расмийларидан бири. 

Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси бу айбловларга жавобан, Россия-Украина можаросида ҳеч бир тарафга қурол етказиб бермаётганини маълум қилди. 

Россия президенти Владимир Путин май ойида Хитойга ташриф буюриши кутилмоқда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top