18:32 / 07.05.2024
2483

Президент Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто билан учрашди 

Шавкат Мирзиёев ва Петер Сийярто Ўзбекистон билан Венгрия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев 7 май куни қўшма Ҳукуматлараро комиссия тадбирларида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийяртони қабул қилди. 

Учрашувда Ўзбекистон билан Венгрия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Икки мамлакат стратегик шериклиги изчил мустаҳкамланиб, амалий алоқалар жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. 

Саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, логистика, кўчмас мулк объектларини қуриш ва бошқа йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суриш масалалари кўриб чиқилди. Тошкент вилоятида Венгрия ва Европа компанияларининг лойиҳалари учун махсус иқтисодий зонани тез фурсатда ишга тушириш муҳимлиги таъкидланди. 

Шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилотидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. 

Top