23:28 / 07.05.2024
3913

Исроил Рафаҳдаги операцияни ҲАМАС мағлубиятга учрамагунча давом эттирмоқчи

АҚШ, Германия, Миср ва Туркия Исроилнинг Рафаҳга ҳужумига қарши чиқмоқда.

Фото: Getty Images

Исроил мудофаа вазири Йоав Галант Фаластиннинг Рафаҳ шаҳридаги ҳарбий операция ҲАМАС ҳаракати мағлубиятга учрамагунча ёки гаровга олинган исроилликлар қайтарилмагунча давом этишини маълум қилди.

«Кеча мен Исроил Мудофаа кучларига (ЦАҲАЛ) Рафаҳ ҳудудига киришни, чегара пунктини эгаллашни буюрдим. Бу операция Рафаҳ ҳудуди ва бутун Ғазо секторида ҲАМАС йўқ қилинмагунча ёки гаровга олинганлар қайтарилмагунча давом этади», деди у.

Унинг таъкидлашича, Исроил гаровга олинган исроилликларни қутқариш учун муроса қилишга тайёр, аммо бу вариант иш бермаса, Исроил ҳарбийлари бутун Ғазо секторида «операцияни кенгайтиради».

Ўз навбатида, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳамасчиларнинг кечаги тинчлик ташаббусларига жавоби Исроил қўшинларининг Рафаҳда олдинга силжишини «саботаж қилиш» учун зарур эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Рафаҳдаги операция бошқа нарсалар қатори, гаровга олинганларни озод қилиш учун ҳам зарур, чунки, бош вазирнинг сўзларига кўра, келишув битимини тузиш учун ҳамасчиларга ҳарбий босим ўтказиш керак.

Унинг аниқлик киритишича, ҳарбий кампанияга параллел равишда Исроил ҲАМАС билан музокараларни давом эттирмоқда. У Қоҳирадаги исроиллик музокарачиларга Исроил шартларига қатъий риоя қилишни буюрган. Шунингдек, у Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти устидан назорат ўрнатилишини анклавдаги ҲАМАС ҳарбий салоҳияти ва қудратини йўқ қилиш йўлидаги муҳим қадам деб атади.

Исми ошкор этилмаган исроиллик амалдор берган маълумотга кўра, Рафаҳ ҳудудидаги ҳозирги операция тўлиқ ҳужумнинг бошланиши эмас. Унинг таъкидлашича, бу тактик устунликка эришиш ва музокаралар жараёни билан боғлиқ ҳолда ҳамасчиларга босим ўтказиш учун мўлжалланган «жуда чекланган» операция.

Айни пайтда бир қатор давлатлар Исроилнинг Рафаҳга ҳужумига қарши чиқмоқда. Жумладан, Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок у ерда кенг кўламли ҳужум ҳаракатларига йўл қўйилмаслигини, ҳудуддаги бир миллион фаластинликни ҳимоя қилиш, гуманитар ёрдам етказиб бериш учун Рафаҳ ва Керем Шалом назорат-ўтказиш пунктларини қайта очиш зарурлигини айтди.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ўнжу Кечели «Нетаняҳу ҳукумати виждонан ҳаракат қилмаяпти» ва Рафаҳ ҳужуми бутун дунёга таъсир қилишини айтди. «Исроил Ғазо секторидаги Рафаҳ ўтиш жойидан зудлик билан чекиниши керак», деб қўшимча қилди у.

АҚШ Давлат департаменти Оқ уйнинг гаровга олинганлар бўйича келишувга эришиш ва ўт очишни тўхтатиш ушбу шароитда энг яхши йўл эканлиги ҳақидаги позициясини яна бир бор таъкидлади.

Шунингдек, Миср ҳам Исроилни Рафаҳдаги ҳужумни тўхтатишга ва музокаралар учун кўпроқ вақт беришга чақирган.

Мавзу
Исроил ва Фаластин можароси
Яқин Шарқ май ойи ўрталарида Фаластин-Исроил можаросининг 2014 йилдан кейинги энг авж палласини бошдан кечирмоқда.
Барчаси
Top