22:07 / 07.05.2024
5228

7 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Олий таълимда қабул ва ўқиш жараёнидаги ўзгаришлар, эски ҳолга қайтган автомобилни қайта рўйхатдан ўтказиш тўлови, уруш фахрийларига мукофот, Бангладешга авиақатновлар — ўтган сутка давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг. 

 

Олий таълимда ўзгаришлар бўлади

Энди давлат гранти аввалгидек бир талабага 4 йил учун тақдим этилмайди, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади.

Тақдимоти президент ҳузурида ўтказилган янги тартибга кўра, муайян бир йўналиш учун ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент танлаган олий таълим муассасасидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Яъни юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди.

Бугунги кунда бакалавриатда мавжуд 306 та йўналиш ва  магистратурадаги 625 та мутахассисликнинг айримлари халқаро стандартлар ва замонавий меҳнат бозори талабларига мос эмас. Бу битирувчиларда тўлиқ малака шаклланиши ва уларнинг ишга жойлашишида муайян қийинчиликлар туғдирмоқда.

Шу боис таълимнинг халқаро таснифи, илғор хорижий тажриба асосида бакалавриат ва магистратура йўналишларини қайта кўриб чиқиш ҳамда айни пайтда талаб юқори бўлган соҳаларда янги йўналишлар очиш бўйича таклифлар билдирилди.

1 сентябрга қадар ўқув жараёнларини тўлиқ қайта кўриб чиқиб, янги тизимни жорий этиш бўйича кўрсатма берилди. Давлатимиз раҳбари бу тизимни адолатли йўлга қўйиш, ёшларга ва ота-оналарга етказиш зарурлигини таъкидлади. 

Машинага янги техпаспорт олиш йиғими эски ҳолатга қайтди

Автоҳаваскорларни хурсанд қилувчи яна бир янгилик: автотранспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказиш йиғими олдинги миқдори — 34 минг сўмга қайтарилди.

Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг 3 майдаги буйруғи билан автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари, электромобиллар ва мототранспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказганлик учун оширилган тўловлар аввалги миқдоригача камайтирилиши белгиланди.

Бу фақат давлат авторақамини алмаштириш, газ ёқилғиси ускуналарини ўрнатиш каби турли сабабларга кўра ўз номида бўлган транспорт воситаларини қайта рўйхатга олиш, яъни янги техпаспорт олиш билан боғлиқ ҳолат.

Бироқ 1 апрелдан кучга кирган, автосалондан ёки иккиламчи бозордан олди-сотди шартномаси асосида харид қилинган автотранспорт воситасини рўйхатга олиш тўлови ички ёнув двигателли автомобиллар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 6,84 баробари — 2 млн 325 минг 600 сўм, электромобиллар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баробари — 510 минг сўм ўзгармади. 

Фарғонада чегара масалалари бўйича муҳим учрашув

Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Соймўмин Ятимов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида томонлар минтақавий хавфсизликни таъминлашга оид барча муаммолар тўпламини атрофлича муҳокама қилди.

Томонлар қирғиз-тожик чегараларини делимитация қилиш ва ўзбек-қирғиз давлат чегараларини демаркация қилиш жараёнларини жадаллаштириш бўйича келишувларга эришди ва томонларнинг ўзаро манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ушбу масалаларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирларни белгилаб олди.

Музокаралар якунида Қирғизистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси аъзоларига чегаранинг қолган участкаларини мувофиқлаштириш, шунингдек, тегишли икки томонлама шартномани тайёрлаш ва имзолаш бўйича аниқ топшириқлар берилди. 

Ветеранларга мукофот

9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 20 млн сўмдан бир марталик мукофот пули берилади. Бу борада президент фармони эълон қилинди.

Фармонни бажариш билан боғлиқ бўлган сарф-харажатлар Ўзбекистон республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва фахрийларга тантанали равишда топширилади. 

Марказий банкдан иқтисодий кутилмалар

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки иқтисодий ўсиш прогнозини 5,2–5,7 фоизгача пасайтирди.

Марказий банк таҳлилларига кўра, жорий йилда пул ўтказмалари миқдори 12–12,5 млрд доллар атрофида шаклланиши мумкин. Жорий йилнинг I чорагида трансчегаравий пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,6 фоизга ошиб, 2,5 млрд долларга етган.

Регулятор аҳоли учун энергия ресурслари нархи оширилишининг умумий инфляцияга бирламчи таъсирини 2,4 фоиз бандга баҳолади ва йиллик инфляция 9–11 фоиз атрофида бўлишини прогноз қилмоқда.

Давлат бюджети тақчиллиги I чоракда 19,8 трлн сўмни ёки ЯИМга нисбатан 8,2 фоизни ташкил этган. Мазкур юқори тақчиллик иқтисодиётнинг молиявий ҳолатига потенциал босимни шакллантириб, давлат харажатлари ва даромадлари ўртасидаги сезиларли номутаносибликни акс эттиради. 

Бангладешга авиақатновлар

Бангладеш Ўзбекистон билан яна тўғридан тўғри авиақатновларни тикламоқчи.

Бангладеш Ўзбекистон билан йўловчи ташиш бўйича тўғридан тўғри авиақатновларни яна йўлга қўймоқчи. Бу ҳақда Бангладеш вазирлар маҳкамасининг котиби Маҳбуб Ҳуссайн Котибиятда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.

Аввал бу икки мамлакат ўртасида 1993 йилдан 2005 йилгача авиақатновлар амалга оширилган. Авиақатновларнинг тикланиши маданияти ва тарихи бой икки давлат ўртасида туризмнинг ривожланишига янги туртки берилади, деган котиб. 

Top