09:41 / 06.05.2024
2707

Финландия тротил ишлаб чиқарувчи завод қурмоқчи

Бу масала бошқа Скандинавия давлатлари билан ҳам муҳокама қилинади ва портловчи моддалар ишлаб чиқариш бир-икки йил ичида йўлга қўйилиши керак, деди Финландия Мудофаа вазирлиги раҳбари.

Фото: Global Look Press

Финландия НАТО иттифоқчиларига мамлакатда тротил ишлаб чиқарувчи заводни биргаликда қуриш таклифини киритди. Бу ҳақда 5 май, якшанба куни Финландиянинг Yle порталига мамлакат мудофаа вазири Антти Хяккянен маълум қилди. «Ҳозирдан бир-икки йил ичида ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши учун қарорлар қабул қилиниши керак», деди у.

«Биз портловчи моддалар ишлаб чиқаришни сезиларли даражада оширишимиз керак, шунинг учун бу масалада маҳаллий саноатнинг ролини жиддий ўйлаб кўриш лозим», — деди вазир. Унинг таъкидлашича, бу масала шимолий давлатлар билан яқин мулоқотда муҳокама қилинади ва «мақсад баҳорда хулоса чиқаришдан иборатдир». Бўлажак заводнинг аниқ жойлашуви бўйича қарор ҳали қабул қилинмаган. 

«Россия узоқ муддатли ҳарбий ҳаракатларга тайёр ва бу портловчи моддаларга бўлган эҳтиёжни юқори даражада ушлаб туради», — дея Антти Хяккянен сўзларини келтиради портал. Нашрнинг таъкидлашича, март ойида Финландия ўқ-дорилар ишлаб чиқариш учун ЕИ томонидан 32,5 миллион евро миқдорида тўлиқ маблағ олган, мамлакат Мудофаа вазирлиги эса 2023 йил декабрида маҳаллий ишлаб чиқариш учун тахминан 24 миллион евро ажратган.

Европада тротил танқислиги 

Украинада учинчи йил давом этаётган уруш Ғарбда тротилга эга портловчи моддаларга бўлган талабни назоратдан чиқариб юборди ва Европадаги тротил захиралари ҳозир жуда кам даражага яқинлашмоқда, дея таъкидлайди Yle. Европа Иттифоқининг ягона заводи Полшада, аммо ишлаб чиқариш ҳажми юқори талабни қондириш учун етарли эмас. Портал маълумотларига кўра, Финландиянинг Вихтавуори шаҳридаги Nammo Group таркибига кирувчи мавжуд порох заводи ҳам айни пайтда ўз фаолиятини сезиларли даражада кенгайтирмоқда. 

Тринитротолуол ёки тротил - артиллерия ва миномёт снарядларида ва бошқаларда ишлатиладиган анъанавий портловчи модда. Унинг оммавий ишлаб чиқарилиши янги портловчи моддаларни ишлаб чиқишга қараганда анча арзон, дея аниқлик киритади Yle. 

Финландия 2023 йил апрелида НАТОга қўшилди. Мамлакатнинг Россия билан чегараси узунлиги - 1272 км. 

Top