12:06 / 06.05.2024
13684

«Челси» дербида 5 та жавобсиз гол урди, «Ливерпул» аёвсиз қасос олди. АПЛда кун ўйинлари

Почеттино жамоаси еврокубоклар учун курашда қолмоқда, «Тоттенҳэм» ЕЧЛдан умид узмоқда.

«Челси» АПЛнинг 36-турида «Вест Ҳэм»ни тор-мор этди (5:0) ва еврокубоклар йўлланмаси учун имкониятларини оширди

«Челси» – «Вест Ҳэм» 5:0
Голлар:
1:0 – 15 Палмер, 2:0 – 30 Галлахер, 3:0 – 36 Мадуэке, 4:0 – 48 Жексон, 5:0 – 80 Жексон.
«Челси» – Петрович, Чалоба (Гюсто, 83), Тиаго Силва (Дисаси, 82), Бадяшил, Кукуреля, Галлахер, Мудрик (Нкунку, 76), Палмер (Гилкрист, 89), Кайседо, Мадуэке (Казадеи, 76), Жексон.
«Вест Ҳэм» – Ареоля, Цоуфал, Огбонна, Зума, Эмерсон, Соучек, Лукас Пакета (Крессуэлл, 76), Алварес (Уорд-Проуз, 46), Қудус, Боуэн, Антонио (Ингз, 70).
Огоҳлантиришлар: Огбонна (34), Кукуреля (38), Эмерсон (44), Лукас Пакета (45+2).

«Челси» ўз майдонида «Вест Ҳэм»га қарши дерби ўйинида ишончли ғалабага эришди. Ўйин тақдири биринчи бўлимдаёқ ҳал бўлганди – мезбонлар танаффусгача ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди. Аввалига Палмер АПЛнинг бу мавсумидаги 21-голини урди ва тўпурарлар пойгасида иккинчи ўринга кўтарилди (Ҳоландда – 25 гол). Кейин Галлаҳер рақиб жарима майдонидаги рикошетдан фойдаланиб, дарвозани ишғол этди. Кейин эса бурчак зарбаси амалга оширилганида Тияго Силва тўпни боши билан ўтказиб берди ва Мадуэке ўз имкониятидан аниқ фойдаланди.

Николас Жексон АПЛда вазиятлардан фойдалана олмаслик бўйича учликдан ўрин олган, аммо танаффусдан кейин у дубл расмийлаштирди. Аввалига Чалоба ҳимоячилар орасидан тўпни жарима майдонига етказиб берди, кейин эса Мадуэке ўзи ҳам гол уриши мумкин бўлган вазиятда тўпни Жексондан қизғонмади. Ўйин охирида Жексон яккама-якка вазиятга чиқиб кетиб, аниқ зарба берди. Бу вазиятда қанот ҳаками байроқчасини кўтарди, аммо видеотакрордан кейин ҳужумчи тўғри ҳолатда тўпни қабул қилиб олгани ойдинлашди ва гол инобатга олинди.

Бу дербида Боуэн ўзига хос натижа қайд этди. «Вест Ҳэм» вингерининг учта зарбаси дарвоза тўсинига тегди. Ўз навбатида, «Челси» сардори Галлаҳер ҳам бир бор тўсинни пойлади.

Эътиборли томони, бу «Челси»нинг мавсумдаги энг йирик ғалабаси эмас. 20 кун муқаддам Почеттино шогирдлари АПЛда «Эвертон» дарвозасига жавобсиз 6 та голл йўллаганди.

Фабрицио Романо маълумотига кўра, «Вест Ҳэм» бу ўйингача ҳам бош мураббий Дэвид Мойес мавсум якунида клубни тарк этиши бўйича бир қарорга келиб бўлганди. Почеттинонинг ҳам клубдаги келажаги савол остида турибди. The Telegraph маълумотига кўра, агар жамоа еврокубоклардан бирига йўлланма ололмаса, аргентиналик мутахассис ишдан бўшатилиши аниқ. Аммо «Челси» ҳозир яхши формада — жамоа АПЛдаги охирги 12 ўйинида фақат бир бор мағлуб бўлган ва еврокубокларга йўлланма берувчи ўринлар учун курашда қолмоқда. 

Почеттино жамоасида Чемпионлар лигаси учун имконият йўқ — тўртинчи ўриндаги «Астон Вилла» 13 очкога илгарилаб кетган, лондонликларда эса фақат учта ўйин қолган.

АПЛда дастлабки тўрт ўрин эгалари ЕЧЛга йўл олади, бешинчи ўрин эгаси — Европа Лигасида қатнашади. Еврокубоклар учун яна иккита йўлланмага Англия Кубоги ғолиби (Европа Лигасига) ва Лига кубоги ғолиби (Конференциялар лигасига) эга чиқади. Иккинчи турнир ғолиблиги феврал ойида «Ливерпул» томонидан қўлга киритилганди — мерсисайдликлар финалда айнан «Челси» билан ўйнаган (овертаймдаги гол эвазига 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган). Аммо Клопп шогирдлари топ-4 дан тушиб кетмаслигини кафолатлаган, шунинг учун Конференциялар лигаси учун йўлланма чемпионатнинг олтинчи ўринни эгаллаган жамоасига берилади — у ерда айни вақтда «Нюкасл» жойлашган.

«Челси»нинг ҳозирги еттинчи ўрни ҳам еврокубокка йўлланма бериши мумкин. 25 май куни «Манчестер Сити» ва «Манчестер Юнайтед» ўртасида Англия Кубоги финали ўтказилади: «қизил иблислар» ғалаба қозонса, АПЛда қайси ўринни эгаллашидан қатъи назар Европа Лигасида иштирок этади. Агар соврин барибир «шаҳарликлар»га кетса, унда чемпионатдаги еттинчи ўрин Конференциялар лигасига, олтинчи ўрин — Европа Лигасига йўлланма беради.

«Челси» дербидаги ғалаба эвазига тўпланган очколар сони бўйича еттинчи ўринга кўтарилди, битта кўпроқ захира ўйинига эга «МЮ»да ҳам 54 очко бор, аммо уларда тўплар нисбати жуда ёмон (+11 га қарши +1). «Челси» якунда еттинчи ўринда қолиши эҳтимоли юқори, чунки жамоа учта ўйини қолган ҳолда олтинчи ўриндаги «Нюкасл»дан икки очкога ортда қолмоқда, йўқотилган очколар бўйича эса «Манчестер Юнайтед»дан ҳам уч очко орқада. Шу билан бирга, клуб олтинчи позиция учун имконият йўқотмаган, чунки кўкларда тақвим осонроқ: «Форест» (сафарда), «Брайтон» (сафарда) ва «Борнмут» (уйда).

Энг қийин тақвим «қизил иблислар»да: улар тўртта ўйин ўтказиши керак, шундан биттаси чемпионлик учун курашаётган «Арсенал»га қарши. Шунингдек, кўп нарса «Нюкасл» ва «МЮ»нинг ўзаро ўйинига боғлиқ бўлади.

«Тоттенҳэм» ЕЧЛдан умид узмоқда

«Ливерпул» – «Тоттенҳэм» 4:2
Голлар:
1:0 – 16 Салоҳ, 2:0 – 45 Робертсон, 3:0 – 50 Гакпо, 4:0 – 59 Эллиотт, 4:1 – 72 Ришарлисон, 4:2 – 77 Сон Ҳённ Мин.
«Ливерпул» – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Куанса, Робертсон (Гомес, 64), Эндо (Байчетич, 65), Мак Аллистер (Гравенберҳ, 75), Эллиотт (Собослаи, 83), Салоҳ, Диас (Нунес, 75), Гакпо.
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Ромеро, ван де Вен, Эмерсон (Скипп, 61), Бентанкур (Ришарлисон, 61), Биссума, Сарр (Ло Челсо, 75), Кулусевски (Мэддисон, 61), Сон Ҳён Мин, Жонсон.
Огоҳлантиришлар: Сарр (44), ван де Вен (47), Эмерсон (57), Биссума (63), Александер-Арнолд (90+2).

«Ливерпул»нинг «Тоттенҳэм»га қарши ўйини – ажойиб мавсум ўтказган, аммо якунда барибир муваффақиятсизликка учраган икки жамоа тўқнашуви бўлди. Биринчиси амалда чемпионлик пойгасини эрта тарк этди, иккинчисида Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун деярли имконият қолмади.

Агар «Ливерпул»нинг ўтган турдаги ўйини Клопп ва 79-дақиқада захирадан туширилган Салоҳ ўртасидаги можаро билан ёдда қолган бўлса, бу сафарги ўйинда мисрлик ҳужумчи ўйинни бошланғич таркибда бошлади. Салоҳ саккизинчи дақиқадаёқ дарвоза устунини мўлжалга олди. Яна саккиз дақиқа ўтганидан кейин эса ҳисобни очди. У бу голни ўзига хос бўлмаган тарзда ўткир бурчакдан бош билан зарба бериш орқали амалга оширди.

Мезбонлар танаффусга қадар яна гол уришди. Бу ҳужумни ўнг қанот ҳимоячиси Трент бошлаб берганди, чап қанот ҳимоячиси Робертсон якунлади. У Викарио Салоҳнинг яқин масофадан йўллаган зарбасини қайтарганида тўпга биринчи бўлиб етиб келди.

Иккинчи бўлим бошидаёқ «Ливерпул» амалда ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйди. Гакпо Эллиоттнинг узатмасидан кейин бош билан дарвоза тўрини ишғол қилди. Кейин эса Эллиоттнинг ўзи АПЛ жорий мавсумидаги энг чиройли голлардан бирини урди. Унинг узоқ масофадан айлантириб йўллаган зарбаси дарвоза тўққизлигига бориб тушди – 4:0. 

Шундан кейин ўйин тартибсиз тус олди ва меҳмонларда ҳам вазиятлар юзага кела бошлади. Ришарлисон вазиятдан фойдаланди ва қисқа вақт ичида гол ва голли пас муалифига айланди. Ўйиннинг охирги қисмида деярли ҳар дақиқада икки жамоа дарвозалари яқинида хавфли вазиятлар юзага келтирилди. Трент ҳатто майдон марказидан гол уришга уриниб кўрди, у тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлади, аммо тўп тўсин устидан ҳам ошиб кетди. Салоҳ дарвозадан бир неча метр масофада тўп билан ёлғиз қолганида ҳам гол ура олмасликни уддалади. Якунда қандайдир мўъжиза туфайли 4:2 ҳисоби ўзгармай қолди.

«Тоттенҳэм» қаторасига тўрт турда ютқазди ва «Вилла»дан тўпланган очколар бўйича тўрт, йўқотилганлари бўйича етти очкога ортда қолмоқда. Дастлабки 10 турдан кейин пешқадам бўлиб турган Постекўғли жамоаси мавсум якунига келиб Чемпионлар лигаси йўлланмасидан қуруқ қолиши деярли аниқ. Бундай бўлмаслиги учун «шпорлар» «Сити», «Бёрнли» ва «Шеффилд» билан ўйинларда максимал очко тўплаши, «Астон Вилла» «Ливерпул» ва «Пелас»га қарши ўйинларда ғалаба қозонмаслиги керак бўлади.

«Ливерпул»да эса фақат назарий жиҳатдан чемпионлик учун имконият сақланиб қолмоқда, бунинг учун жамоа қолган турларда «Астон Вилла» ва «Вулверҳэмптон»ни мағлуб этиши, «Арсенал» ва «Сити» қолган ўйинларида ғалаба қозонмаслигини кутиши керак бўлади.

Top