21:53 / 03.05.2024
15829

Нодирбек Абдусатторов – Швециядаги турнир ғолиби бўлди

У асосий даврада 4,5 очко тўплади ва Аржун Эригайси ҳамда Петер Свидлер билан бир хил очко жамғарди. Тай-брек баҳсларида эса Нодирбек иккала рақибини ҳам мағлуб эта олди ва чемпионга айланди.

Нодирбек Абдусатторов Швецияда ўтказилган «Tepe Sigeman-2024» чемпионига айланди.

19 ёшли ўзбекистонлик шахматчи асосий даврада 4,5 очко тўплаб, тайбрекда россиялик Петер Свидлер ҳамда ҳиндистонлик Аржун Эригайсини мағлубиятга учратиб, турнирда тенгсиз бўлди.

Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов март ойи якунлари бўйича FIDE рейтингида (Эло рейтинги) тўртинчи ўринга кўтарилганди. У 2765 очко тўплаб, амалдаги жаҳон чемпиони, хитойлик Дин Лижен (2762) ва бошқа машҳур шахматчилардан ўзиб кетган. Дунё рейтингида кўп карра жаҳон чемпиони, норвегиялик Магнус Карлсен 2830 очко билан биринчи ўринда жойлашган.

Маълумот учун, 19 ёшли Нодирбек Абдусатторов Ўзбекистон шахматчилари орасида рейтинг бўйича рекорд соҳиби ҳисобланади. Унгача фақат Рустам Қосимжонов энг юқори натижани кўрсатиб, 2715 очко билан 11-ўринни эгаллаган.

Top