16:14 / 30.04.2024
10298

Такрор қоида бузишлар ортидан ҳалок бўлаётган одамлар – жарима балларини ҳисоблаш тизимини жорий этиш нега кечикяпти?

2024 йил 15 апрел куни Жиззах вилоятида аҳоли масканида катта тезликда ҳаракатланган “Ласетти” уч болани уриб юборди. Оқибатда улар ҳалок бўлишди. Вилоят ЙҲХБ ҳайдовчи 2023 йил декабрдан буён 11 марта тезлик қоидаларини бузганини маълум қилди. Агар жарима балларини ҳисоблаш тизими вақтида жорий қилинганда ва бу ҳайдовчининг “праваси” олиб қўйилганда шу мудҳиш воқеа балки юз бермасмиди...

Бугун Ўзбекистон бўйлаб йўл ҳаракати хавфсизлиги ва йўл-патрул хизматининг минглаб ходимлари кеча-ю кундуз ишлашяпти.

Кўплаб жойларда радарлар ўрнатилган ва улар ҳайдовчиларнинг қоидабузарлигини қайд этяпти. Бироқ йўл-транспорт ҳодисалари ва йўлларда одамларнинг ўлими камаймаяпти.

Хўш, нега бундай бўляпти? Қаерда, қандай хатога йўл қўйиляпти? Йўл-ҳаракати хавфсизлиги деб аталган тизим нега самарали ишлай олмаяпти?

Жарима балларини ҳисоблаш тизими ҳанузгача ишга тушмади

Йўл-ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган “отни калласидай” жарималар ҳам қоидабузар ҳайдовчиларни қўрқита олмаяпти.

Хўш, қоидабузар ҳайдовчилар жарималарни писанд қилмаётган бўлса, уларни нима қўрқитиши мумкин? Албатта вақтинча ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши.

Ҳайдовчиларни фақат ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши қўрқитиши мумкинлигини мутасаддилар ҳам тушуниб туришибди. Бироқ негадир бу тартибни амалиётга жорий қилиш узоқ йиллардан буён пайсалга солиб келинмоқда.

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тизими жорий этиш ҳақидаги илк хабар 2018 йилда (!) чиққанди.

Ўшанда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тизимини жорий қилиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилганди.

Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан яратилган лойиҳа юзасидан муҳокамалар 2018 йил 25 октябрда бошланиб, 2018 йил 9 ноябрда якунланиши белгиланганди.

Қарорга кўра, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тизими 2020 йил 1 январдан бошлаб жорий қилиниши белгиланганди.

Ўшанда ижтимоий тармоқларда жуда кўпчилик ИИВнинг бу ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бироқ бу қарор лойиҳаси тақдири номаълумлигича қолди.

Орадан бир неча ой ўтгач, 2019 йил май ойида қарор лойиҳаси яна муҳокама учун regulation.gov.uz’га жойланди. Бироқ 2020 йилда тизим жорий қилинмади.

2021 йил ноябр ойида қарор лойиҳаси учинчи марта (!) муҳокама учун regulation.gov.uz’га жойлаштирилди. Шундан сўнг мана, уч йил ўтяпти ҳамки, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима баллари асосида баҳолаш тизими ҳали ҳам ишга тушмади.

2023 йил ноябр ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳайдовчилар томонидан доимий равишда қоидабузарлик содир этганлик учун жарима баллари ҳисоблаш тизимини белгиловчи қонунни кўра бошлади. Аммо қани у?

Ашаддий қоидабузарлар кескин кўпайди

Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тизимини жорий қилиш ортга сурилар экан, оқибатда қоидабузар ҳайдовчилар йўлларда хоҳлаганини қиляпти.

Масалан, Hundai Sonata машинасида сохта давлат рақамлари билан юрган ва қоидаларни бузиб, 152 марта радарга тушган ҳайдовчи ушланди. МИБ томонидан Наманган вилоятида 76 та қоидабузарлиги бор ҳайдовчидан 31 млн сўм, Андижонда 96 та қоидабузарлиги бор ҳайдовчидан 42 млн сўм жарима ундирилди.

Йўл ҳаракати қоидаларини 152 марта бузган Hundai Sonata

Тошкентда 2 йил мобайнида 210 марта (!) қоидаларни бузган бўлган ҳайдовчи, 118 марта бузган “Матиз”, 55 марта бузган Tracker-2 ушланди.

Булар ОАВда эълон қилинган бир нечта ҳолат. Расмий ахборот берилмаган ва МИБ ва ЙҲХБ идораларидаги ҳужжатларда қолиб кетгани яна қанча, бунинг аниқ ҳисоби йўқ.

Давомли қоидабузарлик ортидан содир бўлган аянчли ҳодиса

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида аҳоли пунктида қоидаларни бузиб тез ҳаракатланган ҳайдовчи уч нафар мактаб ўқувчисининг ўлимига сабаб бўлди.

2024 йил 15 апрел куни туш пайтида Бахмал туманида яшовчи 26 ёшли ҳайдовчи ўзига тегишли “Ласетти” машинаси билан Ғаллаорол тумани Оқтом маҳалласи ҳудудида қоидаларга зид равишда тезликни оширган.

Шунда у машина бошқарувини йўқотган ва йўл четидан мактабга кетаётган уч нафар ўқувчини уриб юборган. Оқибатда 5 ва 7-синфда ўқийдиган ўқувчилар оғир тан жароҳатлари олиб вафот этган.

“Ласетти” болаларни уриб юборгач, йўлдан анча ичкарида бўлган қорамол билан тўқнашиб, уни ҳам босиб ўлдирган. Сўнг деворга урилиб тўхтаган. Ҳодиса гувоҳларининг сўзларига кўра шу жойда “Ласетти” салонида бўлган талаба қиз ҳам вафот этган.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг маълум қилишича, 26 ёшли ҳайдовчи 2023 йил декабр ойидан буён 11 марта (!) тезлик қоидаларини бузган.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ тайёрлаган видеода ҳайдовчи соатига 70 км тезликда юриш белгиланган аҳоли пункти ичида соатига 100 км тезликда ҳаракатланиб келганини айтган. Бироқ Kun.uz манбасига кўра ҳайдовчи соатига 160 км тезликда ҳаракатланиб келган.

Жарима балларини ҳисоблаш ҳақидаги дастлабки қарорда нималар кўзда тутилганди?

Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тизимини жорий этиш ҳақидаги дастлабки қарорда қуйидагилар назарда тутилганди (батафсил бу ерда):

  • агар транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун йил мобайнида (1 январдан 31 декабрга қадар) тўплаган жарима балларининг умумий миқдори 12 баллга етса ёки ундан ошса, у ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади;
  • 12 ёки ундан юқори жарима бали тўплаган ҳайдовчининг хоҳишига қараб унга қайта имтиҳон топшириш имкони берилади, имтиҳондан муваффақиятли ўтган тақдирда, йил якунига қадар уч жарима балига тенг лимит берилади;
  • 12 ёки ундан ортиқ баллга тенг қоидабузарлик содир этган, шунингдек қайта имтиҳонни топшира олмаган ҳайдовчилар суд томонидан ўрнатилган тартибда йил якунига қадар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади;

Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тизимини жорий этиш амалиётга киритилса ҳайдовчилар ҳозиргидай қоидаларни такрор-такрор бузишга журъат қила олишмасди.

Йўл ҳаракати қоидаларини 118 марта бузган Матиз

2023 йил ноябрда Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган қонунда юқоридаги қоидаларга ўзгаришлар киритилган бўлиши мумкин. Буни энди қонун қабул қилиниб, тизим амалиётга жорий этилса билиб оламиз.

П.С. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни жарима балл асосида баҳолаш тизими қачондан жорий қилиниши ҳақида ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматидан маълумот олиш учун қилган ҳаракатларим бесамар кетди. Мен билан гаплашган ходим қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёни кетаётганини ва бу ҳақда аниқ маълумот олиб беришини айтди. Бироқ ваъда ваъдалигича қолиб кетди...

Ғайрат Йўлдош, Kun.uz мухбири

Top