23:03 / 08.04.2024
16873

Наманганда ИИБ ҳушёрхонасида фуқаро вафот этди. Омбудсман ҳолатни назоратга олган

Дастлабки маълумотларга кўра, профилактика инспектори томонидан ҳушёрхонага жойлаштирилган маст эркак темир панжарага чойшаб билан ўзини осиб, воқеа жойида вафот этган. Прокуратура ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини бошлаган.   

Фото: Imago

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида фуқаро ИИБ ҳушёрхонасида вафот этган. Ҳолат Омбудсман томонидан назоратга олинган ҳолда ўрганилган.  

 Маълум қилинишича, 2024 йил 7 апрел куни соат 20:00лар атрофида марҳум И.У.нинг турмуш ўртоғи эри уйга маст ҳолда келиб, жанжал қилаётганлиги ҳақида Чортоқ тумани ИИБ профилактика инспекторига хабар қилган.

Инспектор мурожаатни жойига чиқиб ўрганган ва марҳумни Янгиқўрғон туманида жойлашган марказий шифохонага олиб борган. Тегишли ҳужжатлар ва далолатнома расмийлаштирилгач марҳум соат 21:58 да ҳушёрхонага топширилган.

Марҳум 8 апрелга ўтар кечаси соат 00:45ларда ҳушёрхонанинг дарчасидаги темир панжарага чойшабдан сиртмоқ ясаб, ўзини бўйин соҳасидан осган ҳамда воқеа жойида вафот этган.

“Омбудсманга тақдим этилган Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Наманган филиали Янгиқўрғон туманлараро бўлинмасининг дастлабки маълумотномасига кўра, У.И.нинг ўлими “бўйин соҳасининг сиқилишидан келиб чиқадиган механик асфикция, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги” оқибатида содир бўлган. Унинг танасида “бўйин қисмидаги стронгулацион эгат”дан бошқа тан жароҳатлари аниқланмаган”, дейилади Омбудсман хабарида.  

Қўшимча қилинишича, ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top