16:33 / 04.04.2024
7499

Муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия Қизилтепа ҳокими ўринбосарининг таҳдидини ўрганмоқда

Ташкилот раҳбарларини “Ташаббусли бюджет”да овоз тўплашга мажбурлаб, “план”ни бажармаганларни ишдан бўшатишини айтган ҳоким ўринбосари билан боғлиқ вазиятни Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия ўргана бошлади. Туман ҳокимлиги хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилди.

Миллий комиссия котибияти Сенат девони таркибига киради.

Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия Қизилтепа тумани ҳокими ўринбосари Ўлмас Истамов билан боғлиқ ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини бошлади. Аввалроқ Истамов ташкилот раҳбарларини “Ташаббусли бюджет”да овоз тўплашга мажбурлагани экс этган аудио тарқалганди.

“Мазкур ҳолат зудлик билан ўрганилади ҳамда масъулларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади”, – дейилади Олий Мажлис Сенати ахборотида.

Қизилтепа тумани ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ҳолат бўйича ҳокимликда ҳоким ўринбосарига нисбатан хизмат текшируви тайинланган. Натижалари бўйича қўшимча ахборот берилади.

“Туман ҳокимлиги бу каби ножўя ҳаракатлар ва ходимларга нисбатан ҳурматсизликни кескин қоралайди”, – дея қайд этган ҳокимлик.

Эслатиб ўтамиз, Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ўлмас Истамов Zoom орқали ўтказилган онлайн мажлисда ташкилот раҳбарларига кечгача 50 тадан овоз йиғишни буюрган, акс ҳолда ким бўлишидан қатъи назар ишдан бўшатиб юбориш билан таҳдид қилганди.

Top