08:36 / 23.03.2024
8761

Навоийда Наврўз кунлари уруш қаҳрамонлари йўқланди

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов байрам кунлари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан учрашиб, уларнинг ҳолидан хабар олди. Уруш қатнашчиларига байрам совғалари ҳамда пул мукофотлари топширилган.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги

Навоийда Наврўз байрами муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ҳолидан хабар олинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Вилоят ҳокими Нормат Турсунов Қизилтепа тумани ҳокими Бекзод Бобомуродов билан туманда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Рашида ая Ишкулова ҳамда Шукур бобо Ҳомитов хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олишган.

Суҳбат жараёнида Рашида Ишкулова 1943 йилда урушга кетгани, «Маршал Ракасовский» 36920-ҳарбий фронт госпиталида ҳамшира бўлиб, аскарларга жанг пайтида тиббий ёрдам кўрсатгани ҳамда 1943-45 йилларда Германия остонаси Берлин шаҳригача ҳарбий ҳамшира сифатида хизмат вазифасини ўтагани ҳақида ўз хотиралари билан ўртоқлашган.

Бугунги кунда онахон 4 нафар фарзандни тарбиялаб, фарзандлар ардоғида, юртимиз қаҳрамони сифатида доим эъзозда эканлигини таъкидлаган.

Шукур Ҳомитов эса 1942 йилда Украина фронтига урушга кетган, 7- ва 5-ўқчи полкида мерган бўлиб жанг қилган. 1943 йилда ярадор бўлиб, 3641-ҳарбий госпиталида даволанган ҳамда 1945 йилда фронтдан қайтган. Бобо 7 нафар фарзандни тарбиялаб, тинчлик-хотиржамлик ва шукроналикда умргузаронлик қилаётганлигини таъкидлаган.

Ташрифлар жараёнида уруш қатнашчиларини байрам билан табриклаб, уларга пул мукофоти ҳамда совғалар топширилган.  

Top