Ўзбекистон | 17:20 / 25.03.2023
7788
2 дақиқада ўқилади

“Ташаббусли бюджет”га овоз беришда Face ID жорий этилади 

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тенгсизликка йўл қўймаслик учун овоз беришда Face ID тизимини жорий қилмоқчи. Вазирлик шунингдек, кичик маҳаллалар катта маҳаллалардан ортда қолмаслиги учун кўпайтириш коэффициенти жорий этишни кўриб чиқмоқчи. 

Фото: KUN.UZ

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бюджет ташкилоти ходимларини мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги лойиҳаларга овоз беришга мажбурлаш ҳолатлари кузатилаётганини тасдиқлади.

Бундан ташқари, вазирлик йирик маҳаллалар аҳоли сони юқори бўлгани сабабли овоз беришда устунликка эга бўлиш ҳолатларини аниқлаган. 

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги овоз беришда тенгсизликка йўл қўймаслик, шунингдек, барча маҳаллалар аҳолиси учун лойиҳаларни амалга оширишда тенг имкониятлар яратиш мақсадида бир қанча техник ва услубий ечимлар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

Жумладан, Face ID ёрдамида идентификация қилиш механизми жорий этилади. Бунда тасдиқланган фойдаланувчилар томонидан берилган овозлар СМС орқали берилган 5 ёки 10 овозга тенглаштирилади. 

Кўпайтириш коэффициентини жорий этиш амалиёти кўриб чиқилади. Бунда, кичик маҳаллалар лойиҳаларига катта маҳаллалар аҳолиси ташаббуси билан тенг шароитларда рақобатлашиш имконияти яратилиши кўзда тутилган. 

Бундан ташқари, ташаббуслар учун овоз беришнинг шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлашга қаратилган бошқа таклифлар ишлаб чиқиляпти. 

Маълумот учун, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида овоз бериш жараёни давом этмоқда. Ҳозирда жами 33 минг 600 лойиҳа учун 10 миллиондан ортиқ овоз берилди. 

Биринчи мавсумда фуқаролар томонидан 55 мингдан ортиқ ташаббуслар билдирилди. Энг кўп овоз йиғиб, ғолиб чиққан лойиҳаларни молиялаштиришга 1,7 триллион сўм пул ажратилади

Аввалроқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги “Ташаббусли бюджет” доирасида ўқитувчиларни овоз беришга мажбурлаш ҳолатлари юз бераётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни ўрганиши маълум қилинганди.

  

Мавзуга оид