21:09 / 10.02.2023
16740

Россия «миграция йиғими»ни жорий қилиши мумкин 

Россия ҳукумати мигрантларнинг мамлакатда бўлиш ёки ишлаш шартларини кучайтириш чораларини кўрмоқда. 

Фото: РИА Новости

Мигрантларнинг Россияда бўлиш шартлари кучайтирилиши мумкин. Бу ҳақда «Baza» телеграм-канали ўз манбаларига таяниб хабар берди. Ҳозир мигрантлар Россия ҳудудида 6 ой давомида 90 кун бўлиш ҳуқуқига эга. Энди бу муддат 1 йилгача кўпайиши мумкин. 

Айни дамда Россия Ички ишлар вазирлиги «Россия Федерациясидаги хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида»ги федерал қонунга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар устида ишламоқда. Бироқ, муддатни қисқартириш - ягона янгилик эмас. 

Масалан, Россияда визасиз мамлакатлардан келган мигрантлар учун «миграция тўлови»ни белгилаш ҳам режалаштириляпти. Унинг миқдори ҳали аниқланмаган. Ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар бошқа идораларга келишиш учун юборилган. 

Россия ҳукумати ўтган йилдан бошлаб мигрантларнинг мамлакатда бўлиш ёки ишлаш шартларини кучайтириш чораларини кўрмоқда. 2022 йил январида Россия ТИВ иммиграция қонунчилигини кучайтиришни, жамоат тартибини бузган хорижликларни мамлакатдан депортация қилишни таклиф этди. Бу таклиф мигрантлар иштирокидаги можароларнинг кўпайиши билан боғлиқ эди. 

2022 йил феврал ойида Россиянинг айрим ҳудудларида мигрантлар учун савдо, умумий овқатланиш, жамоат транспорти, жумладан, таксида ишлашга рухсат бермайдиган янги тақиқлар жорий этилди. 

Сентябр ойида Россияда мигрантлар учун патент нархи 2023 йил 1 январдан ошиши ҳақида хабар берилди. 

Шу билан бирга, Давлат Думаси янги қонун қабул қилди, унга кўра Россия фуқаролигини армияда бир йил хизмат қилгандан кейин олиш мумкин бўлди. Бу Россия билан Украина урушида ҳарбий хизматчиларнинг етишмаслиги билан изоҳланди.

Top