12:11 / 27.04.2022
5010

«Мустақил ва эркин журналистикани ривожлантиришимиз керак» - Комил Алламжонов ўзбек матбуоти ҳақида мулоҳазаларини билдирди

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ҳуқуқ ҳимоячилари, Европа ва Осиё давлатлари элчилари иштирокида Женевада бўлиб ўтган тадбирда ўзбек матбуоти ҳақида мулоҳазаларини билдирди.

Комил Алламжонов дастлаб ўзбек матбуоти кеча қандай бўлгани ҳақида гапириб ўтди

“Бу 1991 ва 2016 йилларни ўз ичига олади. Дастлаб матбуот пайдо бўлди, кейин эса ўлди. Шу даражада ўлик ҳолга келдики, журналистика университетларини тамомлаган ёшлар савдога ёки бутунлай бошқа соҳага ўтиб кетди. Радио, телевидение ва газеталар фақат битта одам учун ишлади. Жамиятда журналистларнинг обрўси қолмади. Яқингача Ўзбекистонда 98 фоиз газеталар фақат мажбурий обуна ҳисобидан кун кўрди, чунки улар ўта зерикарли эканлигидан одамлар ўзи хоҳлаб сотиб олмасди. Давлат идоралари ёпиқ, матбуот хизматлари эса номига бор эди. Қайсидир вазир кўпроқ телевизорда кўринса, жазоланарди. Цензура юқори даражада эди. 

Инсон ҳуқуқлари шу даражада пастлигидан, пахтанинг қадри одамникидан баланд эди. Таълим инқирозга учради, оқибатда бир авлод билимсиз бўлиб қолди. Лекин халқаро ташкилотлар кўз ўнгида биз ўзимизни демократик давлат сифатида кўрсатишга уриндик. Турли декларациялар имзоланди, лекин ҳаммаси фақат қоғозда эди. Бу ҳақда яна соатлаб гапириш мумкин”, деди К.Алламжонов.

Унинг сўзларига кўра, 2016 йилда ҳукумат тепасига келган Шавкат Мирзиёев журналистларни ўзига кўмакчи ва дўст деб атади. 

“Аввалига кўпчилик бу гапларга унча ишонмади. Лекин амалда ҳаммаси айтилганидек бўлди. Бизга – мен ва Саида Шавкатовнага матбуотни ҳақиқий 4-ҳокимият даражасига кўтариш вазифаси юклатилди. Бизнинг жамоа қилган энг асосийси иш барча блокланган хорижий матбуот, халқаро инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ сайтлар, bbc.com/uzbek, Deutsche Welle, FERGANA.RU., Human Rights Watch, Amnesty International каби сайтлар блокдан ечилди. 280 та давлат ташкилотида матбуот хизмати янгидан ташкил этилди ва матбуот котиблари ташкилот раҳбари ўринбосарига тенглаштирилди. Катта мақомга эга махсус АОКА ташкилоти тузилди”, дейди у. 

Қайд этилишича, аввалига хатолар ҳам бўлган. Матбуот билан ишлашни билмайдиган амалдорлар шарманда ҳам бўлган. Тажрибасиз журналист ва блогерлар ҳам кўзга ташланган.

“Бизнинг фондимиз кўплаб журналист ва блогерларга ҳимоячи вазифасини ўтади. Чунки уйғониш даврида нафақат қонун балки административ ҳимоя ҳам муҳим эди. 

Қонунлар қайта кўриб чиқилди. Бизнинг фондимиз амалга оширган энг катта иш бу туҳмат ва ҳақорат учун қамоқ жазосини бекор қилишга эришганимиздир. Журналист ва блогерлар гапирган гапи учун қамалмаслиги керак деган ғояни ҳар доим илгари суриб келяпмиз. 

Амалдорлар бирон ислоҳот қилишдан олдин журналистлар нима дейди, одамлар нима дейди, деган фикрни ўйлай бошлади”, дейди К.Алламжонов.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда инсон қадри деган тушунчалар пайдо бўлди. Шавкат Мирзиёевнинг сайлов компанияси “Инсон қадри учун” деган ғоя асосига қурилди. 

“Шунинг учун ҳам халқ унга овоз берди, биз овоз бердик. Чунки қадр, ўз ҳуқуқимиз, эркинлигимиз биз учун қанчалик Олий неъмат эканлигини тушундик. 

Биз санкциялар, дунёдан узилиш нима эканини яхши биламиз ва энг асосийси бу масалани президент яхши тушунади. Албатта муаммолар бор. Эски тизимни қўмсайдиганлар бор, оғзимизни ёпишга уринаётган кучлар ҳам бор. Лекин биз инсон қадри ва эркинлик нима эканлигини ҳис қилдик. Демак, биз уни йўқотишга йўл қўймаймиз. Бунинг учун охиригача курашамиз”, дейилган нутқда. 

Маълум қилинишича, сўз ва матбуот эркинлиги учун сиёсий ирода бор, қилиниши керак бўлган тадбирлар қилинди ва қилинмоқда ҳам. 

“Мустақил ва эркин журналистикани ривожлантиришимиз керак. Айниқса бугунги ташқи сиёсатдаги Ўзбекистонга бўлаётган босимларни инобатга олган ҳолда, хориж пропагандасининг агрессия ва зўравонлик қурбони бўлмаслик учун ҳам бу жуда зарур.

Бизнинг матбуот ва унинг хавфсизлиги алоҳида шахсларга боғлиқ бўлиши эмас, балки қонунлар ва яратилган тизим ишлаши керак. Журналист ва блогерларимиз ҳуқуқий саводхонлиги, уларни билимини янада кучайтириш керак. Аҳолининг медиасаводхонлигини оширишга эришиш керак. 

Айнан шунинг учун ҳам хорижий ташкилотлар билан доимий ҳамкорлик керак. Биз бу йўналишдаги хорижий ташкилотларни Ўзбекистон билан биргаликда кўпроқ лойиҳалар қилишга, бизни кўпроқ қўллаб-қувватлашга, ёрдам беришга чақирамиз. Билингки, бизнинг миссия ҳам инсоният ҳаётини яхшиланишида бефарқ бўлмаслик ва ўз ҳиссамизни қўшишдан иборатдир”, дея хулоса қилган Комил Алламжонов.

Top