Жаҳон | 10:29 / 20.03.2020
5548
1 дақиқада ўқилади

Канн кинофестивали бошқа санага кўчирилди

Францияда ўтказилувчи Канн кинофестивали ташкилотчилари коронавирус эпидемияси сабабли жорий йилдаги кинофестивални бошқа санага кўчиришга қарор қилишди. Май ўрталарида ўтказилиши режалаштирилган фестиваль июнь охири-июль бошида ўтказилиши мумкин.

Фото: EPA

Бу ҳақда фестиваль ташкилотчиларининг баёнотида маълум қилинган. 

Нуфузли кинофестиваль 12-23 май кунлари ўтказилиши керак эди.

“Бугун биз Канн кинофестивалини белгиланган муддат – 12 майдан 23 майгача ўтказа олмаслигимиз ҳақидаги қарорга келдик. Айни вақтда уни ўтказиш муддатлари бўйича бир неча вариант ўрганилмоқда, улардан энг асосийси фестивални июнь охири-июль бошига кўчириш ҳисобланади”, деб айтилган баёнотда. 

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, Франция ва дунёда коронавирус эпидемияси билан боғлиқ вазият фестивални ўтказишга имкон бериши биланоқ бу ҳақда хабар қилинади. 
 
Кинофестивал Франциянинг Ложувард соҳилида 1946 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинади. Жорий йилда у 73-маротаба ўтказилади. Фестиваль 1948 ва 1950 йиллардагина маблағ етишмовчилиги сабабли ўтказилмаган. 

2019 йилда фестивалнинг бош мукофотини жанубий кореялик режисссёр Пон Чжун Хонинг “Паразитлар” фильми қўлга киритганди.

Мавзуга оид