Жаҳон | 08:00 / 15.04.2018
7584
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида Араб давлатлари лигаси саммити бўлиб ўтади

Фото: AP/ Hassan Ammar

15 апрелда Саудия Арабистонининг Даҳрон шаҳрида Суриядаги вазиятнинг кескинлашуви ортида Араб давлатлари лигаси саммити бўлиб ўтади.

Учрашувда қиролликка АДЛга кирувчи кўпчилик давлатларнинг раҳбарлари келиши кутилмоқда. Учрашувда одатга кўра, Яқин Шарқдаги энг долзарб муаммолар, жумладан Ливия, Яман ва Фаластин ҳудудларидаги вазият муҳокама қилинадиган асосий мавзулар бўлади. Шунингдек, йиғилишда алоҳида эътибор Сурияга АҚШ, Британия ва Франция қуролли кучларининг зарбасидан кейинги вазиятга қаратилади.

Араб давлатлари ўртасида ушбу ҳужум борасида фикрлар кескин фарқланган: зарбалар берилишини Қатар, Саудия Арабистони ҳамда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашининг бошқа аъзолари қўллаб-қувватлаган. Ливан, Жазоир ва Ироқ эса бу ҳужумларга қарши чиққан.

Суриядаги вазиятнинг кескинлашуви юзасидан АДЛ бош котиби Аҳмад Абул Ғайт ташвиш билдирган. Унинг айтишича, вазиятнинг ёмонлашувига Суриядаги можарога алоқадор давлатлар жавобгардир.

Араб давлатлари лигаси 22 та давлатни бирлаштиради, унинг бош қароргоҳи Қоҳирада жойлашган.

Мавзуга оид