22:34 / 26.04.2024
4533

26 апрелнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Пойтахтдаги таксичилар ҳисоби, «Қора рўйхат»ни тарк этган Ўзбекистон, Сурхон қўриқхонасида тасвирга тушган тулки болалари, телевидениеда таъсис этилган «миллий кино куни» — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг. 

Тошкентда қайси ҳудуддан такси кўпроқ?

Тошкентни қашқадарёлик таксичилар босиб кетди, деган гап у қадар ҳақиқатга тўғри келмаслиги ойдинлашди. Тошкентда ҳар 20 та таксидан 1 таси Қашқадарёга тегишли экан.

6 та онлайн такси агрегаторлари солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялаштирилгач, йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланаётган ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчиларга тегишли бўлган 199,1 мингта автомобил мавжудлиги маълум бўлган.

Таксиларнинг 64 фоизи ёки 127,5 мингтаси пойтахт Тошкент шаҳрида ҳаракатланади.

Автомобиллар ичида Тошкент шаҳрига тегишли (01 кодли) автомобиллар — 54,6 фоиз; Тошкент вилояти (10 кодли) — 17,9 фоизни, Қашқадарё вилояти (70 кодли) — 5 фоизни, Фарғона вилояти (40) кодли — 3,3 фоизни ташкил этар экан. 

Ўзбекистон яна бир қора рўйхатни тарк этди

Ўзбекистон АҚШнинг интеллектуал мулк ҳуқуқига оид қора рўйхатидан чиқарилди

Бунга Ўзбекистондаги интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва қўллаш билан боғлиқ ижобий ўзгаришлар сабаб бўлгани келтирилади. Бу «қора» рўйхатга яна 7 та давлат киритилган, улар орасида Хитой ҳам бор.

АҚШ савдо вакиллиги идораси интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва қўллаш бўйича 2024 йил учун «Махсус 301-ҳисоботи»ни эълон қилди. Ҳисоботда айтилишича, идора Ўзбекистонни ўзининг кузатув рўйхатидан (Watch list) чиқарди. Сабаби мамлакатда интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва қўллаш билан боғлиқ узоқ муддатдан бери давом этиб келаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича барқарор ўзгаришлар бўляпти.

«Масалан, Божхона кодексига ўзгартириш киритилиб, контрафакт импорт ва экспорт маҳсулотларни олиб қўйиш, уларни ушлаб туришга оид ваколат белгиланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон интеллектуал мулк соҳасига юқори даражада сиёсий эътибор қаратиб келмоқда. Ўзбекистон «АҚШ–Марказий Осиё» савдо ва инвестициялар бўйича асосли келишув доирасида Интеллектуал мулк йўналишида ишчи гуруҳини қўллаб-қувватламоқда ва унинг ишларида қатнашмоқда», дейилади ҳисоботда. 

Кун видеоси

«Сурхон» давлат қўриқхонаси ҳудудида ўрнатилган фотоқопқонга тулки болалари муҳрланди. Қўриқхона Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига қарайди.

Ўзбекистонда 2 хил тулки — оддий тулки ва корсак учрайди. Тулки итсимонлар оиласига мансуб йиртқич сутэмизувчидир. Унинг танаси узунлиги 60-90 см, думи 40-60 см, вазни 6-10 кг.га етади. Уларнинг овқатланиши ва яшаш жойлари хилма-хил бўлиб, асосан кемирувчилар, сутэмизувчилар ва қушлар билан озиқланади. Одатда, тулки 4–6 та, баъзан 17 тагача болалайди. 

Иқтисодиётда давлат иштироки қисқартирилади

«Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик жамиятлари — давлат иштирокидаги корхоналар биринчи раҳбарларининг асосий вазифаларидан бири этиб ўз соҳасида хусусий сектор улушини муттасил ошириб бориш, рақобат муҳити шаклланган соҳалардаги, шунингдек, уларнинг фаолиятига хос бўлмаган, самарасиз фойдаланилаётган ва бўш турган активларини хусусийлаштириш, яъни сотиш белгиланди. 

Кун факти

Электрлаштирилган темирйўллар узунлиги бўйича Тошкент вилояти етакчилик қилмоқда. 2024 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда умумфойдаланиладиган темирйўллар узунлиги 4,8 минг кмни ташкил этмоқда. Бу йўлларнинг 19,4 фоизи Тошкент вилояти ҳудудида. Кейинги ўринларда Қашқадарё, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё бормоқда. 

Ҳар шанба «Миллий кино куни»

Ўзбекистон телеканалларида ҳар шанба «Миллий кино куни» ўтказилади. Шу куни давлат ва нодавлат телеканалларда фақат миллий филмлар намойиш қилинади.

Тадбирдан мақсад миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, миллий маданият ва қадриятларни асраш, келгуси авлодларга бус-бутун етказиш, ёшларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш экани айтилмоқда. 

Кун рақами:

579 995 — Бу Ўзбекистонда ишлашда давом этаётган пенсионерлар сони. Уларнинг 43,5 фоизи давлат корхоналарида ишламоқда. Ишлаётган пенсионерларнинг 59,6 фоизини аёллар ташкил этади. 

Бассейнда жон берган юрист

Яккасарой ҳокимлиги юристи тумандаги мактаб ҳудудидаги Спорт вазирлигига қарашли бассейнда вафот этди

18 апрел куни Яккасарой туман ҳокимлигининг давлат хизматчилари зиёфат уюштиришган ва тадбир якунлангач, ҳокимнинг икки ўринбосари ҳамда юристи тумандаги 160-сонли болалар ва ўсмирлар мактаби ҳудудидаги Спорт вазирлигига тегишли бассейнга чўмилишга борган. Ҳокимлик юрисконсулти Нодир Акбаров мактаб ҳудудидаги бассейнда вафот этган.

Ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2024 йил 22 апрел куни Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенованинг қарорига кўра, Нодир Акбаров билан меҳант шартномаси унинг вафот этгани муносабати билан бекор қилинган.

Top