17:45 / 25.04.2024
7049

“Электр ва газ нархларининг ошиши ўрта ва узоқ муддатда нарх-навога фундаментал хатар яратмайди” — МБ раиси

Марказий банк 2024 йил учун аввалроқ белгиланган 8-9 фоизлик инфляция прогнозини энергетика тарифларининг кутилганидан юқори оширилиши ҳисобига 9-11 фоизга оширди.

Фото: РИА Новости

Марказий банк бошқаруви 2024 йил 25 апрелдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қарор юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовнинг айтишича, 2024 йил учун инфляция прогнози энергетика тарифларининг кутилганидан юқори оширилиши ҳисобига 9-11 фоиз деб белгиланган. Йил бошидаги прогноз 8-9 фоиз эди.

“Тариф сиёсатига май ойида киритилаётган ўзгаришлар умумий инфляцион жараёнларга бир марталик оширувчи таъсирга эга бўлиб, нарх-навога ўрта ва узоқ муддатларда фундаментал хатарлар яратмайди”, – деди Нурмуродов.

Унинг сўзларига кўра, тарифлар ўзгариши маълум бир даражада аҳолининг инфляцион кутилмаларида ўз аксини топган бўлиши ҳам мумкин, лекин келажакдаги кутилмаларга таъсири бўлмайди деб айтиш қийин. Регулятор тарифлар янгиланиши нафақат аҳолининг кутилмаларига, балки умумий инфляцияга ҳам таъсирини кўрсатади деб ҳисоблайди. Лекин таъсир кўлами қандай бўлишини баҳолаш қўшимча ўрганишларни талаб қилади.

“Айни пайтда бир марталик ижтимоий трансфертлар ва таклиф этилаётган ижтимоий норма ҳамда тўловларни кечиктириш имконияти май ойидаги ўзгаришларнинг таъсирини маълум жиҳатдан юмшатишга ҳисса қўшади.

Январ ойидаги макроиқтисодий прогнозларимизда тартибга солинадиган нархларнинг эркинлаштирилишини ҳисобга олиб, 2024 йил якунида 8-9 фоиз атрофида шаклланишини прогноз қилгандик. Лекин май ойидан киритилаётган электр энергияси ва газ нархларидаги ўзгаришлар ўша пайтдаги прогнозларимиздан юқори бўлгани учун кутилмаларга таъсир ҳисобига янгиланаётган прогнозимизда умумий инфляция даражаси 9-11 фоиз бўлиши тахмин қилиняпти. Базавий инфляция кўрсаткичи январдаги прогнозлар доирасида сақланиб қолди – 7-8 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда”, – деди МБ раиси.

Top