12:26 / 22.04.2024
16997

«МЮ» шарманда бўлишига бир бахя қолди, класикода кутилмаган қаҳрамон. Кун ўйинлари

Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Фото: RICHARD HEATHCOTE/GETTY IMAGES

Англия: «МЮ» аутсайдер билан ўйинда 3 та гол устунлигини бой берди

«Ковентри Сити» — «Манчестер Юнайтед» 3:3
Пеналтилар серияси
— 2:4.
Голлар: Симмс (71), О'Ҳэр (79), Райт (90+5, пеналти) — Мактоминей (23), Магуайр (45+1), Фернандеш (58).
«Ковентри» – Коллинз, ван Эвейк, Латибодер (Таварес 63, Годден 106), Китчинг (Бинкс, 63), Томас, Бидуэлл (Дасилва, 80), Шиф, О`Ҳэр, Экклз (Торп, 63), Райт, Симмс.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Далот, Магуайр, Каземиро, Уан-Биссака, Фернандеш, Мактоминей (Форсон, 103), Майну (Эриксен, 72), Гарначо (Антони, 66), Рэшфорд (Диалло, 90+7), Ҳойлунд. 
Огоҳлантиришлар: Томас (82), Онана (85), Дасилва (111).

«МЮ» еврокубоклардаги иштирокини эрта тўхтатганди, кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида иштирок этишдан умид узган ва лига кубогини «Нюкасл»га йирик ҳисобда ютқазиб (0:3) тарк этган. Жамоа мухлислари учун ягона юпанч Англия Кубоги бўлиб қолган. Финалга чиқиш учун Чемпионшипнинг саккизинчи ўриндаги жамоаси — «Ковентри Сити»ни мағлуб этиш талаб этиларди.

«Юнайтед»даги муаммоларга қарамай, бу ўйинда фаворит аниқ эди. Лекин жамоа таркиб борасида ҳам, ўйин борасида ҳам муаммолар гирдобида қолган: тен Ҳаг жароҳат туфайли ҳимоя чизиғида Варан, Эванс, Мартинес, Линделёф ва ҳатто Камбвалани ўйната олмайди. Шу туфайли мудофаа марказига Магуайр билан Каземиро жуфтлигини туширишга тўғри келди. Қолаверса, Ҳарри «Борнмут»га қарши ўйинда оғриқ билан ўйнаган ва бир ҳафта давомида машғулотларда иштирок этмаганди.

Аввалига «Ковентри» умуман ҳужум қилиш ҳақида ўйламади, ташаббусни тўлиқ топширди (22-дақиқагача тўпга эгалик қилиш бўйича кўрсаткич 22 фоиз эди), бутун таркиб бўлиб майдоннинг ўз қисмида қолди ва прессинг уюштирмади. Бундай тактика анча вақтгача иш берди ва рақиб ҳужумчилари ҳеч нарсага эриша олмади.

Барчаси 23-дақиқада ўзгарди, Далот олис устун томон ажойиб пас узатди, «Ковентри» дарвозабони ҳам, ҳимоячилари ҳам тўпга ета олмади. Мактоминей эса тўғри позиция танлаб, мавсумдаги 10-голини урди. Кейин эса Магуайр бурчакдан узатилган тўпни дарвоза тўрига жойлаб, савиядаги фарқни кўрсатиб қўйди.

Иккинчи бўлим бошида эса Бруну рақиб жарима майдонида тўпни эгаллаб олиб, тўпни рикошет орқали яқин бурчакка аниқ йўналтирди. Кўпчилик учун ўйин тақдири ҳал бўлгандек эди, аммо бу мавсумдаги «МЮ»га шундай ҳолатда ҳам ишониб бўлмасди, жамоа бунгача кўп марта ўз қўлидаги ғалабани бой берганди.

Бу сафар ҳам «Юнайтед» рақиб эркин ҳаракатланишига йўл қўйиб бериши қаттиқ хато бўлиб чиқди. «Ковентри» дарвоза томон аниқ борган илк зарбаларидаёқ иккита гол уриб, ҳисобни минимал даражада қисқартирганида ҳам кўпчилик мўъжиза рўй беришига ишонмаётганди. Аммо Онана ниманидир ҳис қилди ва вақтни чўзишга ҳаракат қилиб, сариқ карточка олди. Бу ёрдам бермади — қўшимча дақиқаларда Ван Биссака жарима майдонида тўпни қўл билан ўйнаши туфайли пеналти белгиланди ва ўйин овертаймларга ўтди.

Қўшимча бўлимларда «Ковентри» ҳимояда ўтирмади ва ҳужумлар уюштирди. Райт узоқ масофадан хавфли зарба берди, Симмснинг зарбаси тўсинга тегди. Аутсайдер жамоа иккинчи қўшимча бўлимда тўртинчи голни ҳам урди. Аммо Торпнинг голи офсайд туфайли бекор қилинди ва иш пеналтилар сериясида ҳал бўладиган бўлди.

Аввалига Каземиро тўпни марказга қарата тепди — дарвозабон эса буни кутиб турганди. Аммо «Ковентри» сафида ҳам икки футболчи хатога йўл қўйди, Ҳойлунд эса ҳал қилувчи зарбаси билан жамоани финалга олиб чиқди, «қизил иблислар»нинг аксар футболчилари бу ғалабани нишонлашга ҳам хижолат бўлди. Энди 25 май куни «Манчестер Сити»га қарши ҳал қилувчи ўйин бўлиб ўтади.

«Астон Вилла» — «Борнмут» 3:1
Голлар:
Рожерс (45+1), Диаби (57), Бэйли (78) — Соланке (31, пеналти). 
«Астон Вилла» – Мартинес, Кэш (Кизлер-Ҳэйден, 90), Пау Торрес, Конса, Дин, Макгинн, Тилеманс, Бэйли (Диего Карлос, 87), Диаби (Дуран, 90), Рожерс, Уоткинс.
«Борнмут» – Нето, Смит (Ааронс, 46), Сенеси (Семенио, 63), Забарний, Келли, Керкез, Кристи (Скотт, 76), Кук, Клюйверт (Биллинг, 76), Уаттара (Унал, 82), Соланке.
Огоҳлантиришлар: Смит (21), Сенеси (37), Забарний (55), Кэш (87).

АПЛ доирасида эса ҳафта ўртасида драматик тарзда Конференциялар лигаси яримфиналига чиққан «Астон Вилла» аввалига муаммога дуч келди. Лиллдаги ўйин қаҳрамони Кэш жарима майдони ичида қоида бузди, Эмилиано Мартинес зарба йўналишини топа олган бўлса-да, Соланкенинг кучли зарбасини қайтара олмади. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Рожерс бирмингҳемликларни ўйинга қайтарди. Ёш футболчи финт билан ҳимоячини йўлдан олиб, тўпни яқин бурчакка аниқ йўллади.

Танаффусдан кейин мезбонлар ўз одатига кўра ўйинни кучайтирди ва Уоткинс яна бир бор серқирра футболчи эканини кўрсатди. У нафақат тўпурар, балки плеймейкерлик қобилиятларига эга футболчи. Унинг Диабига пасини тур безаги дейиш мумкин. У ўткир бурчакдан пас берганида тўп бўш дарвоза қаршисига етиб келган Бэйлига пас бўлиб борди ва «Вилла» ўйинга нуқта қўйди. Унаи Эмери жамоаси АПЛда илк бор бир мавсумда 20 дан ортиқ ўйинда ғалабага эришди ва топ-4 учун пойгада «Тоттенҳэм»ни олти очкога ортда қолдирмоқда, аммо «шпорлар» ҳамон иккита захира ўйинига эга.

«Фулҳэм» — «Ливерпул» 1:3
Голлар:
Кастан (45+2) — Александер-Арнолд (32), Гравенберҳ (53), Жота (72). 
«Фулҳэм» – Лено, Кастань, Адарабиойо, Басси, Робинсон, Перейра, Лукич, Палиня (Кэрни, 71), Декордова-Рид (Уилсон, 71), Ивоби (Траоре, 85), Родриго Муниз.
«Ливерпул» – Алиссон, Александер-Арнолд (Гомес, 80), ван Дейк, Куанса, Робертсон, Эндо, Гравенберҳ (Мак Аллистер, 74), Эллиотт, Жота (Нунес, 74), Диас (Салоҳ, 74), Гакпо (Собослаи, 86).
Огоҳлантиришлар: Палиня (30), Адарабиойо (39), Кастан (79).

Шанба куни ўз ўйинида ғалаба қозонган «Арсенал» ортидан «Ливерпул» ҳам уч очко ишлади ва турнир жадвалида бу турни ўтказиб юборган «Манчестер Сити»ни қувиб ўтди. Муваффақиятсиз оралиқдан кейин қизиллар қаторасига иккинчи ўйинда ғалаба қозонишди. «Фулҳэм»га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида Александер-Арнолд жарима зарбасини аъло даражада ижро этиб ҳисобни очди. Бу ушбу ҳимоячининг АПЛда жарима зарбаларидан урган олтинчи голига айланди ва у клуб рекордчисига айланиши ҳам мумкин. Стивен Жеррарднинг натижасигача яна битта аниқ зарба қолди. Жейми Рэднаппгача — иккита. Биринчи даврада «Энфилд»да ғалаба қозонишга яқин борган лондонликлар (ўшанда 3:2 ҳисоби охирги дақиқаларда 3:4 га айланганди) таслим бўлишни исамади ва танаффус арафасида ҳисобни тенглаштиришди. Аммо иккинчи бўлимда барибир барчаси ўз жойига қайтди, ўйинга нуқта қўйган Диогу Жота юбилейни нишонлади — Англия клублари сафида 100-голини урди (44 таси «Вулверҳэмптон»да ва 56 таси «Ливерпул»да).

Испания: «Барса» икки бор ҳисобда олдинда борди, аммо Мадрид ғалаба қозонди ва олтин учун пойга мавзусини ёпди

«Реал» — «Барселона» 3:2
Голлар:
Винисиус (18, пеналти), Васкес (73), Беллингҳэм (90+1) — Кристенсен (6), Лопес (69).
«Реал» – Лунин, Рюдигер, Чуамени, Валверде, Камавинга (Фран Гарсия, 71), Модрич, Кроос (Браим Диас, 71), Беллингҳэм, Васкес, Винисиус Жуниор (Хоселу, 82), Родриго (Милитао, 74).
«Барселона» – тер Стеген, Кунде, Араухо, Кубарси, Жоау Канселу, Кристенсен (Фермин Лопес, 46), Гундўған, де Йонг (Педри, 45), Рафиня (Жоау Феликс, 64), Ямал, Левандовски (Ферран Торрес, 64).
Огоҳлантиришлар: Камавинга (33), Винисиус (75), Кунде (75), Модрич (83), Кубарси (90).

Испания чемпионатидаги 188-ўзаро учрашувга жамоалар турлича ҳолатда, аммо одатдаги каби олтин учун пойга иштирокчилари сифатида етиб келишди. «Реал» мухлислари бундай деб ҳисобламаслиги мумкин, чунки ўйин бошланиши арафасида «Қироллик клуби» кўк-анорранглилардан саккиз очкога ўзиб кетганди. Аммо «Барселона» томонидагилар барибир бошқача фикрда эди: битта ғалаба — ва пешқадам билан орадаги фарқ беш очкога тушади. Қолган олти турда бу фарқни йўққа чиқариш реалми? Қийин, аммо, имконли, айниқса, мадридликлар икки фронтда курашаётгани инобатга олинса.

Ўтган ҳафтада ушбу жамоалар асосий еврокубокда турлича натижалар қайд этганди: «Реал» пеналтилар сериясида «Манчестер Сити»ни енгган, «Барселона» эса «ПСЖ» билан қарама-қаршиликда сафардаги устунликни бой бериб, ўз уйида йирик ҳисобда тор-мор бўлганди. Энди Хавида қадрдон жамоаси билан чиройли хайрлашиш учун биргина имконият қолганди — ла лигада ёки ҳеч бўлмаганда класикода ғалаба қозониш.

Шу билан бирга класико якунланиши билан чемпионлик пойгаси ҳам якунланиши мумкин эди, шу туфайли бу ўйин аҳамиятини баҳолаш қийин эди. Қолаверса, бу ерда яна бир кичик интрига бор эди, лигада «Барселона» — сафарда ютқазмаган, «Реал» — ўз уйида ютқазмаган ягона жамоалар бўлиб турганди.

Каталонияликларда иштиёқ кучлироқ экани ўйин бошланиши билан кўзга ташланди. 6-дақиқадаёқ Кристенсен Лунинни тўпга чиқишдаги хатоси учун жазолаб, бурчакдан ошириб берилган тўпни дарвозага йўллади. «Манчестер Сити» билан ўйин қаҳрамони бўлган украиналик посбон бу сафар уялтирди.

Аммо «Реал» буни шундай қолдира олмади ва тезда жавоб қайтарди: аввалига Винисиус голли вазиятни йўққа чиқарди, кўп ўтмай Васкес пеналти ишлади. «Реал»нинг ўнг қанот ҳимоячиси аввалига Канселудан осонлик билан ўтиб кетди ва жарима майдони ичида Кубарсининг оёғига бориб урилди, аммо қоидага кўра бу — 11 метрлик жарима зарбаси эди. Винисиус тер Штегенга имкон қолдирмади ва голни уни мазах қилган ҳолда нишонлади.

Биринчи бўлимда жамоалар стандарт вазиятларга алоҳида аҳамият қаратишди, айниқса «Барса» бу вазиятларни яхши ижро этди, 28-дақиқада эса иккинчи голни уришга жуда яқин келди. Ямалнинг айёрона зарбасидан кейин Лунин тўпни чизиқдан ўтар-ўтмас тўхтатди, Ла Лига ушбу мавсум олдидан голни аниқлаш тизими бўйича шартномани бекор қилгани туфайли баҳсли ҳолат юзага келди.

VAR бу эпизодни жуда узоқ вақт кўриб чиқди. «Сантяго Бернабеу»даги камералардан олинган бирор ракурс гол ёки гол эмаслигига аниқ жавоб бера олмасди, якунда бош арбитр Сесар Сото Градонинг дастлабки қарори тўғри деб топилди — ҳисоб ўзгармай қолди.

Бу вазият туфайли ҳакамлар бригадаси биринчи бўлимга тўрт дақиқа қўшиб берди, бу вақт оралиғида эса Френки Де Йонг жиддий жароҳат олди — меҳмонлар ҳавбеки Валверде билан тўқнашувдан кейин ўрнидан тура олмади. Уни бутун стадион олқиш билан кузатиб қўйди.

Иккинчи бўлим биринчисига қараганда анча тинч бошланди, лекин икки жамоа ҳам вазиятларга эга бўлди. «Реал» кескинроқ ўйнади, Беллингҳем эса Винисиус билан комбинацияда дарвозага хавф туғдирди. «Барса» фақат Хавининг ноодатий алмаштиришларидан кейин жонланди: у биттада Левандовски ва Рафиняни майдонга олди, шундан кейин кўк-анорранглилар яна олдинга ташланди. Лунин Ямалнинг зарбасини қайтарди, аммо Фермин Лопес яқин масофадан дарвозани ишғол этди.

Бу вақтда 69-дақиқа ўтиб бораётганди ва «Барселона» вакиллари чемпионлик пойгасига қайтиш ҳақида орзу қила бошласа бўларди, аммо рақиб «Реал» эканини унутмаслик керак эди. Карло Анчелотти бошқаруви даврида характерли жамоа сифатида ажралиб тураётган мадридликлар  якшанба оқшомида буни яна бир бор намойиш этди.

Лопеснинг голидан тўрт дақиқа ўтиб мезбонлар яна мувозанатни тиклади — Винисиуснинг чап қанотдан берган узатмасини ўнг қанотдан жарима майдонига ёриб кирган Васкес дарвоза тўрига йўллади. Бу вазиятда ҳам Канселу уни қўриқлай олмади.

Кўп ўтмай бразилиялик футболчи иккинчи голини уриб «Реал»ни олдинга бошлаши мумкин эди, аммо тер Штеген яқин масофадан йўлланган зарбасини тўсиб қолди.

Ўйиннинг сўнгги қисмида «Барса» темпга дош бера олмай қолди. 87-дақиқада Эдер Милитао, Беллингҳем ва Ҳоселу голга жуда яқин келишди, аммо ғалаба голи қўшимча дақиқаларга қолдирилди. Биринчи даврада бўлгани каби бу сафар ҳам Беллинҳем «Барса» жаллодига айланди: Англия миллий жамоаси ҳавбеки яна класикода 90-дақиқадан кейин ғалаба голини урди.

Мадридликларда асосий таркиб футболчиси саналмайдиган Васкес эса учинчи голда ҳам иштирок этиб, ҳал қилувчи пас муаллифи бўлди ва ўйиннинг ҳақиқий қаҳрамонига айланди.

Бундай бурилиш меҳмонларни бутунлай таслим қилди. Жамоа учун мавсум якунланди деса ҳам бўлади: 11 очкони йўққа чиқариб бўлмайди, шу билан бирга ЕЧЛга йўлланма берувчи кучли тўртликдан тушиб кетмайди. «Реал» Хавининг охирги класикосида ҳам ғалаба қозониб, музейини навбатдаги соврин учун тайёрламоқда.

«Алавес» — «Атлетико» 2:0
Голлар:
Бенавидес (15), Риоха (90+2). 
«Алавес» – Сивера, Теналя, Абкар, Марин, Хави Лопес, Горосабел (Риоха, 88), Гуриди (Гевара, 70), Бенавидес, Антонио Бланко, Кике Гарсия (Паничелли, 79), Симеоне (Висенте, 79).
«Атлетико» – Облак, Молина (Эрмосо, 81), Аспиликуэта (Рейнилду, 57), Савич (Райҳони, 81), Хименес, Коке, Де Паул (Саул, 46), Барриос (Рикелме, 67), Корреа, Гризманн, Лино.
Огоҳлантиришлар: Гуриди (2), Хави Лопес (6), Абкар (33), Корреа (45), Бенавидес (49), Аспиликуэта (50), Марин (68), Савич (68).

«Атлетико» бу ўйинда Чемпионлар лигаси йўлланмасини нақд қилиб қўйиши мумкин эди. Жамоанинг бу курашдаги ягона рақиби бўлган «Атлетик» мунтазам равишда очко йўқотмоқда ва Испания Кубогини қўлга киритганидан буён ғалаба қозонмаяпти. Жума куни басклар ўз уйида Иняки Уилямс автогол билан антиқаҳрамонга айланган ўйинда хавфли зонадаги «Гранада»ни енга олмади (1:1), аммо шундай ҳолатда ҳам жамоанинг мадридликлар билан фарқи уч очкога қисқарди.

«Матрасчилар» эса «Алавес»га ютқазиб, антирекордлар китобини қайтадан ёзмоқда. Жамоада сафар ўйинлари комплекси сақланиб қолмоқда. Бу сафарги мағлубият — бу мавсумда барча турнирлардаги ўйинлар қўшилганда бегона стадионларда учралган 11-мағлубият бўлди. Бунақаси Диего Симеоне даврида аввал рўй бермаганди. Бундан ташқари, «Атлетико» бунгача бир мавсумда узоқ масофалардан бу қадар кўп гол ўтказиб юбормаганди. Облак жарима майдони ташқарисидан ўтказиб юборган голлар сони ўнтага етди. Шундай экан, тўртинчи ўрин учун кураш давом этади. Кейинги турда тўртинчи йўлланма учун даъвогарлар Мадридда тўқнашади.

Германия: «Байер» ҳамон давом этмоқда

«Боруссия» Д — «Байер» 1:1
Голлар:
Фуллкруг (81) — Станишич (90+7). 
«Боруссия» Д – Кобел, Рюэрсон, Ҳуммельс, Шлоттербек, Матсен (Волф, 46), Забитцер, Жан (Нмеча, 70), Брандт (Ўзжан, 83), Санчо (Ройс, 70), Фуллкруг, Байно-Гиттенс (Дюранвил, 83).
«Байер» – Градецки, Станишич, Та, Тапсоба, Инкапиэ (Бонифасе, 83), Грималдо, Фримпонг, Жака, Андрих, Телла (Виртц, 70), Ҳофманн (Шик, 83).
Огоҳлантиришлар: Телла (28), Матсен (37), Жан (45+2), Фуллкруг (45+3), Шлоттербек (87), Фримпонг (88), Жака (90+1).

Леверкузенликлар чемпионликдан сармаст эмас. Аксинча, тарихий муваффақиятдан кейин «Байер» бу мавсумни мағлубиятсиз якунлашга бел боғлаган. Жамоа уч кун ичида икки ўйинда сўнгги дақиқаларда ҳисобни тенглаштириб, Европа рекордини янада яхшилашди — мағлубиятсиз 45 ўйин. Айниқса Дортмунддаги ўйин — ҳиссиётлар портлашига айланди.

Аввалига Фюллкруг ЕЧЛ қаҳрамонларидан яна бири Забитцернинг узатмасидан кейин тўпни тўхтатмай дарвоза тўрига йўллади. Кейин бутун ўйин мобайнида бир-бирига қасд қилиб келган Шлоттербек ва Фримпонг тўқнашувидан кейин майдонда тортишув юзага келди. Қўшиб берилган еттинчи дақиқада эса Кобел Грималдонинг зарбасидан кейин тўпни дарвоза «тўққизлиги»дан олиб чиқди, аммо кейинги бурчак тўпи Станишичнинг голи билан якунланди. «Байер» енгилмас бўлиб қолмоқда, «Боруссия» эса кучли тўртлик учун пойгада «Лейпциг»дан ортда қолиб кетди. Энди «асаларилар» кейинги турда ўзининг собиқ бош мураббийи Марко Розе бошқарувидаги жамоага қарши ҳал қилувчи сафар ўйинида майдонга тушади.

Кун статистикаси

  • «Фейеноорд» сўнгги ўн мавсумда уч марта Нидерландия кубоги соҳиби бўлди. Бу ушбу вақт оралиғидаги энг яхши натижа.
  • «Штутгарт» ҳужумчиси Ундав Германия чемпионатининг жорий мавсумида 17 гол урди. Бу бундеслигада немис дебютантлар учун Ҳорст Ҳрубеш давридан (1975/76) буён энг яхши натижа.
  • АПЛда қаторасига 20 сафар ўйинида гол уриш — «Ливерпул»нинг 1969 йилдан буён энг яхши серияси.
  • «МЮ» 22-марта Англия Кубоги финалига чиқди ва бу борада «Ливерпул»ни ортда қолдирди.
  • «Гаталасарой» Туркия чемпионатида 90 очко тўплаб, ҳозирнинг ўзида уч очколик даврда клуб рекордини такрорлади.
  • Бир мавсумда 131 гол — «Спортинг»нинг 1947 йилдан буён энг яхши натижаси.
Top