15:58 / 18.06.2018
22197

У бир пайтлар «Ливерпуль» ўйинига ўғринча кирарди, энди эса Германияни таслим этди

Қуйидаги ҳикоя ЖЧ-2018 турнирида сенсация қилган – жаҳон чемпионларини енгган Мексика термаси бош мураббийи Хуан Карлос Осорио ҳақида.

«Биз улар билан тенгма-тенг кураш олиб бора оламиз, – деганди Осорио Германияга қарши ўйиндан олдин. – Биз ҳозирда жаҳоннинг энг яхши терма жамоаси бўлиб турган жамоани енга олишимиз мумкин. Мен ўз йигитларимга ишонаман, бизнинг ярим ҳимоячиларимиз майдон марказида тўпни назорат қила олишади. Биз рақибни ҳурмат қиламиз, аммо майдонда ўз ўйинимизни кўрсатамиз».

У Германиянинг заиф жиҳатлари ҳақида ҳам гапирганди: «Орқа чизиқда 4 ҳимоячи билан чуқур ҳимоя қиладиган исталган жамоа ўртада 35 метрлик кенг ҳудудни бўш қолдирган бўлади. Бунинг учун исталган жамоани жазолаш мумкин, немислар бундан мустасно эмас».

Унинг айтганлари тўғри бўлиб чиқди.

«Бизда тактик режа мавжуд эди, биз уни 6 ой муқаддам ишлаб чиққандик. Бизда ҳамиша қанотларда икки тезкор футболчи бўлади. Лосано – бизнинг энг тезкор футболчимиз. Биринчи бўлимда биз ҳимояда ақл билан ҳаракат қилдик ва қарши ҳужумлар уюштирдик. Биринчи бўлимда биз рақибдан яхшироқ ўйнадик», – деди ўйиндан кейин Осорио. У айрим сирларни ошкор қилди: «Биз ноябрдаёқ 4 йўналиш бўйича платформа ишлаб чиққандик. Улардан бири – психология. Мен ҳамиша футболчиларга асосий масъулият менинг зиммамда бўлишини уқтириб келганман. Турли босимлар бўлишига қарамасдан, улар ҳеч қачон ҳаяжонланишмади. Биз ютқазсак ҳам, бу футболчиларнинг айби ҳисобланмасди. Улар фақат менинг олдимда жавобгар, улар менинг техник қарорларимга амал қилишса бас эди. Германия терма жамоаси устидан ғалабамизга сабаб — улар жаҳоннинг амалдаги чемпионига қарши ўйнашдан қўрқишмади».

Хуан Карлос билан янада яқинроқдан танишамиз.

• Осорио – колумбиялик. Мексикаликлар хорижлик мураббийларни термага таклиф этишдан чўчишмайди (турли йилларда бу терма жамоани Свен-Йоран Эрикссон, Бора Милутинович, Сезар Луис Менотти ва бошқа мексикалик бўлмаган мутахассислар бошқарган), аммо Осорионинг тайинланиши кутилмаган қарор эди – ушбу мутахассисни Мексика даражасида ҳам кўпчилик танимасди, у бунгача Мексика чемпионатида «Пуэбла» клуби билан бир неча ой ўтказган, бу жамоа 11 ўйиндан 7тасида мағлубиятга учраганди.

• Мексикалик мухлислар Осориони тез-тез танқид қилишар ва ундан истеъфо сўрашарди. Уларга мураббий доимий равишда ротация қилиши ёқмасди (масалан, Америка Кубогининг гуруҳ босқичидаги 3 ўйинда мураббий 3 дарвозабонни майдонга туширганди). Шунингдек, у схемаларни ҳам аралаштириб қўлларди, мексикаликлар уни тушунмас ва уни бегона деб қарашарди. «Бу ғалабани бизни Москвада қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимизга бағишлашни истардим. Ўйлайманки, мухлисларимиз сафи бундан кейин ҳам кенгайишда давом этади», – дея жавоб қайтарди танқидчиларига Осорио Германия устидан қозонилган ғалабадан кейин.

• Осорио 26 ёшида жароҳат туфайли футболчилик фаолиятига нуқта қўйишга мажбур бўлганди (Колумбиядан ташқари у Бразилияда – «Интернасьонал» сафида ўйнашга улгурган). Шундан кейин у АҚШга йўл олган, ўқиган (жисмоний тарбия ўқитувчиси дипломи) ва Нью-Йоркда спортзал очган.

• Бизнес тезда жонига теккан Осорио барчасини сотиб юборган ва рафиқасини вақтинчаликка ёлғиз қолдириб, Ливерпулга – «Фан ва футбол»ни ўрганиш учун жўнаб кетган. Назарий машғулотлар унга камдек кўринган ва у маҳаллий клубларнинг машғулотларини кузатишга бора бошлаган. «Эвертон» билан муаммо бўлмаган, Жерар Улье ва Рой Эванс эса, (90- йиллар охирида улар «Ливерпуль»ни бошқаришганди) колумбияликни Мелвуддаги базага киритишмаган. Осорио ортиқча хафа бўлмаган ва қарши тарафдаги уй томига чиқиб машғулотларни кузатишда давом этган. Бир енеча кундан кейин у бу уйга кўчиб келган, томдаги болохонада икки йил яшаган. У ёмғирли кунларда «Ливерпуль»нинг машғулотларини кроватидан турмасдан томоша қиларди.

• Осорио нафақат машғулотларни кузатган, балки имкон қадар ўйинларга ҳам борган. «Мен Лотин Америкасидан келгандим, у ерда фақат қисқа паслар билан ўйнашади. Шундай экан, буткул бошқача футбол ўйналадиган Англиядаги тажриба мен учун жуда-жуда фойдали бўлганди, – дейди мураббий кейинчалик Sky учун берган интервьюсида.

• Бир сафар Осорио «Олд Траффорд»даги ўйин учун кирмоқчи бўлганида чув тушади, унга сохта чипта сотишганди. Уни ҳибсга олишларига бир бахя қолади. У стадионга кира олмагач, пабга кириб, телевизор қаршисига ўтиради ва атрофида нималар рўй бераётганига эътибор қаратмасдан блокнотига ўйиндаги жараёнларни ёзиб боради.

• Англияда сабоқни тугаллаб Осорио АҚШга кетади, аммо тез орада Европага қайтиб, «Ман Сити»га жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида жойлашади, у кейинроқ Кевин Киганга ёрдамчи бўлади. Германия билан ўйиндан кейин Осорио бу даврни шундай эслайди: «Ман Сити»дагилар менга келажакда катта мураббий бўлишим ҳақида айтишарди. Ҳа, узоқ 2001 йилдаги гап. Мен шу вақтга қадар бу эътироф учун миннатдорман», – дейди колумбиялик.

Осорио ҳамма жойда билим излайди, у «МЮ» машғулотларига бориб, Алекс Фергюсондан нималарнидир сўрашдан тортинмайди. У айнан Фергюсон ва Ульедан футболчилар ротацияси ғоясини ўзлаштирганди.

• Осорио нолинчи йилларнинг иккинчи ярмида ишга кириди, у Колумбия, АҚШ, Мексика ва Бразилияда мураббийлик қилди. Колумбияда у яхши натижаларга эришди: Хуан Карлос иккита клуб билан 4 марта чемпионликни нишонлади.

• 2015 йилда Осорио Мексика терма жамоаси бош мураббийлигига тайинланди, у терма жамоа билан Конфедерациялар кубоги ярим финалига чиқди, ЖЧ-2018 турнири бошлангунига қадар 48 ўйиндан 31тасида ғалабага эришди, аммо мухлислар унга ҳуштакбозлик қилишда давом этишди. Эҳтимол 49-ғалабадан кейин нимадир ўзгарар...

Мавзу
Россия мундиали

2018 йилнинг 14 июнидан 15 июлига қадар Россиянинг 11та шаҳрида 12та стадионда ЖЧ-2018 бўлиб ўтади. Россия илк бор мундиалга мезбонлик қилмоқда.

Барчаси
Top