Ўзбекистон | 15:40 / 13.09.2017
124536
2 дақиқада ўқилади

Муштумзўр ҳоким узр сўради, лекин у бу билан қутулмайди

12 сентябрь куни Kun.uz сайтида Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев маҳаллий мактаблар директорларини калтаклагани тасвирланган видео намойиш этилгач, вилояти ҳокимлиги мутасаддилари бу вазиятни чуқур ўрганишга киришди.

Kun.uz манбаси маълумот беришича, 12 сентябрь оқшомида вилоят ҳокими  Ғофуржон Ғаниевич Мирзаев Сайхунобод туманига келиб, йиғилиш ўтказган. Унда туман ҳокими ҳамда мактабларнинг директорлари ҳам иштирок этган, Носиржон Эгамбердиев ўқитувчилардан узр сўраган.

Йиғилишда ушбу вазият юзасидан ҳали тегишли чора кўрилиши, у узр сўраш билан қутула олмаслиги қайд этиб ўтилган. 

«Ҳокимнинг иши пахта терими мавсумидан кейин кўриб чиқилади. Унинг ишда қолиши масаласи тақдири юқоридан келадиган кўрсатмага боғлиқ», деган манба.

Носиржон Эгамбердиев Сайхунобод туманига 2016 йилнинг октябрида ҳоким этиб тайинланганди. У бунгача Сирдарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Манбанинг айтишича, у аввалдан қаттиққўллиги билан маълум бўлган. Мактаб директорлари унга қаршилик кўрсатмагани сабаби ҳам шу: у ўзига қарши чиққанлардан қасос олган. У алоқалари орқали ўзига қарши чиққанларга турли жавобгарликлар юклаган, «унинг қасосидан ёки ўлиб, ёки хорижга кетиб» қутулиш мумкин бўлган.

Видео: Ҳоким мактаб директорларини урди

Бундан олдинроқ Прокуратура туман ҳокими мактаб директорларини калтаклагани билан боғлиқ вазиятни текширишни бошлагани маълум қилинганди.

«Kun.uz» юридик маслаҳатчиси ҳоким ўз ваколатлари доирасидан четга чиқиб, муштумзўрлик қилиши қонунан қандай оқибатларга эга экани ҳақида маълумот берганди.

Мавзуга оид